Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Июнь 2016

Яҳовани Кулолингиз сифатида тан олиб, қадрланг

Яҳовани Кулолингиз сифатида тан олиб, қадрланг

Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!.. Ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз! ИШАЁ 64:8

ҚЎШИҚЛАР: 11, 26

1. Нега Яҳовани буюк Кулол деб айтса бўлади?

АНГЛИЯНИНГ Лондон шаҳрида 2010 йил ноябрь ойида 18 асрга оид хитой чинни кўзаси учун деярли 70 миллион доллар таклиф қилинди. Буни қарангки, кулол лой каби оддий ва арзон нарсадан дурдона санъат асарини яратиши мумкин. Тангри Яҳова ҳам Кулол кабидир ва Унга ҳеч бир кулол тенг кела олмайди. Муқаддас Китобда айтилишича, Худованд «ернинг тупроғидан» мукаммал одамни ясади ва унга Ўз фазилатларини акс эттириш қобилиятини берди. (Ибт. 2:7) Ердан бунёд этилган бу мукаммал инсон — Одамато ҳаққоний равишда «Худонинг ўғли» деб аталди. (Луқо 3:38)

2, 3. Тавба қилган исроилликларнинг нуқтаи назарига қай йўсин тақлид қила оламиз?

2 Бироқ Одамато Яратувчисига қарши исён кўтарганида, Унинг ўғли бўлиш имтиёзидан маҳрум бўлди. Лекин шунга қарамай, насллар оша Одаматонинг авлодларидан ташкил топган «шоҳидлар оломони» Аллоҳнинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлашни танлади. (Иброн. 12:1) Парвардигорига камтарлик ила итоат этиб, улар Шайтонни эмас, Худони ўзларининг Отаси ва Кулоли сифатида тан олишганини кўрсатишди. (Юҳан. 8:44) Уларнинг Худога бўлган садоқати тавба қилган исроилликларнинг қуйидаги  сўзларини эсга соляпти: «Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен эса кулолсан, ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!» (Ишаё 64:8)

3 Бугунги кунда ҳам Яҳовага руҳ ва ҳақиқат билан топинаётганларнинг барчаси худди шундай камтаринлик ҳамда итоаткорликни намоён этишда жон куйдиряпти. Улар Яҳовани Ота деб аташни ва Уни Кулол сифатида эътироф этиб, Унга бўйсунишни шараф деб билишади. Аллоҳнинг назарида маъқул бир идиш тариқасида шаклланишни ва Унинг қўлида юмшоқ лойдек бўлишни истайсизми? Ҳар бир имондошингизни Худо томонидан шаклланиб бораётган бир ижод деб ҳисоблаяпсизми? Бу масалада тўғри нуқтаи назарга эга бўлиш учун, келинг, Яҳова Кулол сифатида бажараётган ишининг қуйидаги учта жиҳатини кўриб чиқайлик: шакллантирмоқчи бўлган одамларни У қандай танлайди, нима учун ва қай тарзда уларни шакллантиради.

ЯҲОВА ШАКЛЛАНТИРМОҚЧИ БЎЛГАН ОДАМЛАРНИ ЎЗИ ТАНЛАЙДИ

4. Яҳова Ўзига жалб қилмоқчи бўлган одамларни қандай танлайди? Мисоллар келтиринг.

4 Яҳова одамларнинг ташқи кўринишига қараб баҳо бермайди. У одамнинг дилига, яъни ички дунёсига қарайди. (1 Шоҳлар 16:7б ни ўқинг.) Яҳова буни имонлилар жамоатига асос солганида тўла-тўкис намоён этганди. Инсоний нуқтаи назардан кераксиз деб ҳисобланган кўплаб одамларни Худо Ўзига ва Ўғлига жалб қилганди. (Юҳан. 6:44) Бундай одамлардан бири — «шаккок, қувғин қилувчи ва сурбет бўлган» Шоул исмли фарзий эди. (1 Тим. 1:13) «Одамларнинг қалбини... синагувчи» Шахс эса Шоулни яроқсиз лой деб билмаган. (Ҳик. 17:3) Бунинг ўрнига, Худованд ундан ёқимли бир идиш ясаш мумкинлигини кўриб, уни «бошқа халқларга, шунингдек, шоҳларга ва Исроил ўғилларига» шоҳидлик бериш учун танлаган. (Ҳавор. 9:15) Худо «шарафли... мақсадда» ишлатишни лойиқ деб топган идишлар қаторига илгари ичкиликбоз, зинокор ва ўғри бўлганлар ҳам кирган. (Рим. 9:21; 1 Кор. 6:9–11) Улар Аллоҳнинг Каломини тадқиқ қилишгани сайин, Яҳовага бўлган имонларини мустаҳкамлаб, У уларни шакллантиришига йўл қўйиб беришган.

5, 6. Яҳовани Кулол сифатида тан олиш, ҳудудимиздаги одамларга ва имондошларга бўлган нуқтаи назаримизга қандай таъсир қилади?

5 Мазкур билимлар бизга қандай ёрдам бериши мумкин? Яҳова одамларнинг қалбини синаб, Ўзи танлаган кишиларни жалб қила олишига ишонч ҳосил қилсак, бу бизни ҳудудимиздаги одамларни ҳам, имондошларимизни ҳам ҳукм қилишдан асрайди. Бу борада Майкл исмли кишининг мисолини кўриб чиқиш ўринли бўлади. У шундай дея эслайди: «Яҳованинг Шоҳидлари эшигимни қоқиб келишганида, эшикни тарс этиб ёпиб қўярдим ва уларни назар-писанд қилмасдим. Мен роса қўпол эдим! Вақт ўтиб, хушфеъл бир оила билан дўстлашиб қолдим. Кунлардан бир кун улар Яҳованинг Шоҳиди эканини билиб, оғзим очилиб қолди! Уларнинг феъл-атвори Яҳованинг Шоҳидларига бўлган нуқтаи назаримни кўриб чиқишга ундади. Натижада, уларга бўлган нуқтаи назарим фактларга эмас, миш-мишларга асосланганини тушундим». Аниқ маълумотга эга бўлиш учун, Майкл Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлди. Кейинчалик у сувга чўмди ва тўла вақтли хизматни бошлади.

6 Яҳовани Кулол сифатида тан олсак, имондошларимизга бўлган муносабатимиз ҳам ўзгаради. Имондошларга нисбатан Худо каби нуқтаи назарда бўлиб, уларни тўлиқ шаклланган эмас, балки шаклланаётган шахс сифатида қабул қиляпсизми? Аллоҳ одамнинг ички дунёси билан бирга Унинг моҳир қўлларида у қандай инсон бўлиши мумкинлигини ҳам кўра олади. Шунинг учун, Яҳова одамларга ижобий нуқтаи назар билан қарайди ва вақти-вақти билан намоён бўладиган камчиликларига диққат қаратмайди. (Заб. 129:3) Биз ҳам имондошларимизга шундай назар билан қарасак, Худога тақлид қила оламиз. Ҳолбуки,  имондошларимизга маънавий камолотга эришишда ёрдам берсак, Кулолимиз билан ҳамкорлик қилган бўламиз. (1 Салон. 5:14, 15) «Ҳадялар сифатида... берилган» оқсоқоллар эса бунда ўрнак кўрсатишлари лозим. (Эфес. 4:8, 11–13)

НИМА УЧУН ЯҲОВА БИЗНИ ШАКЛЛАНТИРЯПТИ?

7. Сиз Яҳованинг тарбиясини нима учун қадрлайсиз?

7 Биров: «Ўзим болали бўлмагунча, ота-онам берган тарбиянинг қадрига етмаганман»,— деб айтганини эшитгандирсиз. Ҳаётда тажриба орттирганимиз сайин, бу тарбияга бошқача қарашимиз мумкин ва унга Яҳова каби нуқтаи назарда бўлиб, уни севгининг бир ифодаси деб била бошлаймиз. (Ибронийларга 12:5, 6, 11 ни ўқинг.) Ҳа, фарзандларига бўлган севгиси туфайли Яҳова бизни сабр ила шакллантириб келяпти. Аллоҳ, биз доно ва бахтли бўлишимизни ҳамда севгисига жавобан ўз севгимизни кўрсатишимизни истайди. (Ҳик. 23:15) У на нодон хатти-ҳаракатларимиз дастидан азоб чекишимизни, на Одаматодан қолган мерос туфайли «Аллоҳнинг ғазабига лойиқ болалар» сингари вафот этишимизни хоҳлайди. (Эфес. 2:2, 3)

8, 9. Бугунги кунда Яҳова бизга қай йўсин таълим беряпти ва бу жараён келажакда қай йўсин давом этади?

8 «Аллоҳнинг ғазабига лойиқ болалар» бўлганимиз учун, қачонлардир Худони ранжитадиган, ҳатто ёввойи ҳайвонларга хос баъзи хусусиятларни намоён этганмиз. Бироқ Яҳовага минг қатла шукурки, У бизни шакллантираётгани боис, биз ўзгардик ва қўзичоқларга хос сифатларни намоён этадиган бўлдик. (Ишаё 11:6–8; Колос. 3:9, 10) Шу сабабли, бугунги кунда Яҳова бизни шакллантириш учун яратиб бераётган ўзгача муҳитни маънавий жаннат деса бўлади. Гарчи атрофимиздаги дунё ёвуз бўлса ҳам, биз бу маънавий муҳитда ўзимизни хавфсиз ва хотиржам ҳис қиламиз. Қолаверса, севгисиз оилаларда катта бўлганлар энди ушбу жаннатда ўзларини севимли ҳис қилишяпти. (Юҳан. 13:35) Шунингдек, биз бошқаларга севгини намоён этишни ўргандик. Устига-устак, Яҳовани таниб-билиб, Унинг оталик меҳр-муҳаббатини ўзимизда ҳис этяпмиз. (Ёқб. 4:8)

9 Янги дунёда биз маънавий жаннат келтирадиган баракалардан тўлиқ баҳраманд бўламиз. Бундан ташқари, Худонинг Шоҳлиги остида ер юзидаги жаннатда яшаш истиқболини ҳам қўлга киритамиз. Ер курраси бўйлаб рўй берадиган бундай тикланиш пайтида Яҳова одамларга уларнинг хаёлига келмаган даражада таълим бериб, шакллантиришда давом этади. (Ишаё 11:9) Боз устига, таълимотларини тушуниб, иродасини тўлиқ бажаришимиз учун, Аллоҳ онгимизу танамизни мукаммал қилади. Демак, бизни шакллантириш орқали Яҳова Ўз севгисини кўрсатар экан, бунда ҳеч шубҳаланмай, Унга бўйсуниш қарорида қатъий турайлик! (Ҳик. 3:11, 12)

ЯҲОВА БИЗНИ ҚАЙ ТАРЗДА ШАКЛЛАНТИРЯПТИ?

10. Қай йўсин Исо буюк Кулолнинг сабри ва маҳоратини ўзида акс эттирган?

10 Моҳир кулол каби Яҳова қўлидаги «лой»нинг тури ва сифатини яхши билади ва унга шунга яраша шакл беради. (Забур 102:10–14 ни ўқинг.) Ҳа, Яҳова ҳар биримизнинг камчиликларимизни, шароитларимизни ва қай даражада маънан улғайганимизни инобатга олган ҳолда бизга муомала қилади. У номукаммал хизматчиларига бўлган муносабатини Ўғли орқали кўрсатди. Масалан, Исо ҳаворийларининг нуқсонлари, чунончи, ораларида ким буюк экани ҳақида баҳслашиш мойилликлари борлигини кўриб, қандай йўл тутганига эътибор қаратайлик. Сиз ўша қизғин мунозараларнинг гувоҳи бўлганингизда, улар ҳақида қандай фикрга борардингиз? Эҳтимол, ҳаворийлар юмшоқ лойга ўхшамас экан, деган хулосага келардингиз. Лекин Исо улар тўғрисида салбий фикрда бўлмаган. Қайтага Исо меҳр ва сабр ила берган маслаҳатларию камтарин бўлишда ўзи кўрсатган ўрнаги ёрдамида садоқатли ҳаворийлари шаклланишлари мумкинлигини билган. (Марк 9:33–37; 10:37, 41–45; Луқо  22:24–27) Исо тирилгандан сўнг ҳаворийларга муқаддас руҳ тушган ва бундан буён улар диққатларини шон-шуҳрат қозониш ёки мавқега эга бўлишга эмас, балки устози уларга топширган ишни бажаришга қаратишган. (Ҳавор. 5:42)

11. Довуд юмшоқ лой каби эканини қай йўсин кўрсатган ва биз унга қандай тақлид қила оламиз?

11 Бугунги кунда Яҳова хизматчиларини асосан Каломи, муқаддас руҳи ва жамоати орқали шакллантиряпти. Муқаддас Китобни астойдил ўқиб, ундаги сўзлар устида мулоҳаза юритганимизда ва билганларимизни амалда қўллаш учун Яҳовадан ёрдам сўраганимизда, Унинг Каломи орқали шаклланган бўламиз. Ҳазрати Довуд: «Ўрнимда ётиб ҳам, сени эслайман, сени ўйлаб, тунни қарши оламан»,— деб айтганди. (Заб. 62:7) Қолаверса, у қуйидагича ёзганди: «Эгамни олқишлайман, У менга йўл кўрсатади, тунда ҳам қалбим менга ўгит беради». (Заб. 15:7) Дарҳақиқат, Довудга ҳатто жиддий маслаҳат берилганда ҳам, у бу илоҳий маслаҳат унинг қалбигача етиб, чуқур ўй-фикрларини шакллантиришига йўл қўйган эди. (2 Шоҳ. 12:1–13) Камтарин ва итоаткор бўлишда Довуд бизга нақадар ажойиб ўрнак кўрсатган-а?! Сиз ҳам Аллоҳнинг Каломи устида мулоҳаза юритиб, у қалбингизгача етиб боришига йўл қўйяпсизми? Бу масалада янада яхшиланишингиз кераклигини сезяпсизми? (Заб. 1:2, 3)

12, 13. Қай йўсин Яҳова бизни муқаддас руҳи ва масиҳийлар жамоати орқали шакллантиради?

12 Муқаддас руҳ бизни турлича шакллантира олади. Мисол учун, у бизга муқаддас руҳнинг самарасини ўзида акс эттирган Исога тақлид қилишга ёрдам бериши мумкин. (Галат. 5:22, 23) Ўша самарага севги фазилати ҳам киради. Худовандни севганимиз боис, Унинг амрларини оғир деб билмай, Унга итоат этишни ва У бизни шакллантиришини истаймиз. Муқаддас руҳ, шунингдек, бу дунё ва унинг салбий руҳияти таъсирига қарши туришимиз учун куч беради. (Эфес. 2:2) Ҳаворий Павлус ёш бўлганида, мағрур яҳудий дин раҳбарлари унга таъсир ўтказишган. Аммо кейинчалик у муқаддас руҳ ёрдамида ўзгариб, шундай деганди: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан». (Филип. 4:13) Шундай экан, келинг, биз  ҳам муқаддас руҳни сўрашда давом этайлик, зеро, Яҳова мазлумларнинг самимий илтижоларини албатта эшитади! (Заб. 9:38)

Яҳова бизни шакллантириш учун оқсоқоллардан фойдаланади, лекин биз ҳам бўш ўтирмаслигимиз керак (12-, 13- хатбошиларга қ.)

13 Яҳова ҳар биримизни алоҳида шакллантириш мақсадида масиҳийлар жамоати ва оқсоқоллардан фойдаланади. Айтайлик, оқсоқоллар маънавийлигимиз билан муаммоларимиз борлигини пайқашди. Шунда улар бизга ёрдам беришга уринишади. (Галат. 6:1) Лекин буни улар ўз донолигига асосланмай, фаҳм-фаросат ва донолик сўраб, Яҳовага камтарона тарзда ибодат қилишади. Улар ибодатларига мувофиқ йўл тутган ҳолда вазиятимиз борасида Муқаддас Китоб ва адабиётларимиз асосида изланиш олиб боришади. Бундай йўл тутиб, улар эҳтиёжларимизга мос ёрдамни тақдим эта олишади. Мабодо улар сизга кийиниш услубингиз борасида севги ила маслаҳат беришса, сиз бунинг ортида Худонинг севгиси турганини кўриб, маслаҳатни қабул қиласизми? Бундай қилсангиз, Яҳованинг қўлида юмшоқ лой каби шаклланишга тайёр эканингизни исботлайсиз.

14. Лойни шакллантиришга ҳаққи бўлса ҳам, Яҳова ирода эркинлигимизни ҳурмат қилаётганини қандай кўрсатяпти?

14 Худо бизни қандай шакллантириши мумкинлигини билиш, имондошларимиз ва ҳудудимиздаги одамлар, жумладан, қизиқувчилар билан бўлган муносабатларимизга таъсир қилади. Одатда кулол озгина тупроқни ковлаб олгандан кейин, шу заҳоти унга шакл беришга киришмайди. У аввал тупроқни тошлар ва бошқа кераксиз қолдиқлардан тозалаб, қисман лойни тайёрлайди. Шу сингари, Аллоҳ маънавий томонлама шаклланишни истаётганларга кўмаклашади. Бироқ У одамларнинг ирода эркинлигини ҳурмат қилиб, ўзгаришга мажбурламайди. Аксинча, тўғри ҳаёт кечиришлари ва ўз хоҳишлари билан ўзгариш киритишлари учун, уларга Ўзининг адолатли меъёрларини очиб беряпти.

15, 16. Қизиқувчилар Яҳова томонидан шаклланмоқчи эканликларини қандай кўрсатишади? Мисол келтиринг.

15 Австралиялик Тесе исмли аёлнинг мисолини кўриб чиқайлик. У билан тадқиқ ўтган опамиз шундай деб бўлишди: «Тесега Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни тушуниш осон бўлган. Лекин у маънан ўсмасди ва ҳатто йиғилишларга ҳам бормасди. Шунинг учун, бу масала бўйича Яҳовага кўп ибодат қилгач, тадқиқни тўхтатишга қарор қилдим. Аммо ўшанда ажойиб нарса юз берди. Охирги марта тадқиқ ўтамиз деб келганимда, Тесе дилидагини менга тўқиб солди. У қимор ўйнашни ёқтиргани учун ўзини иккиюзламачидай ҳис қилаётганини, бироқ энди бу одатини ташламоқчи эканини айтди».

16 Сал вақт ўтгач, Тесе ўртоқларининг мазах қилишларига қарамай, йиғилишларга келишни ва масиҳийларга хос фазилатларни намоён этишни бошлади. У билан тадқиқ ўтказган опамиз шундай деб қўшиб қўйди: «Вақт ўтиб, Тесе сувга чўмди ва ҳатто тўрт нафар ёш боласи бўлса ҳам, доимий кашшоф бўлиб хизмат қилди». Ҳа, қизиқувчилар Аллоҳга маъқул келиш учун тўғри ҳаёт кечиришни бошлаганларида, Аллоҳ уларга яқинлашиб, улардан чиндан ҳам ажойиб идишлар ясайди.

17. а) Кулолингиз сифатида Яҳова сизга қандай муносабатда? б) Шаклланишнинг қайси жиҳатларини келаси мақолада кўриб чиқамиз?

17 Бугунги кунгача баъзи кулолчилик маҳсулотларини ҳалиям қўлда тайёрлашади. Бу дегани, кулол бевосита лой билан ишлайди. Шунга ўхшаб, бизнинг Кулолимиз ҳам Ўз маслаҳатлари билан бизни шакллантириб ва бунга қандай муносабат билдираётганимизни кузатиб, биз билан сабр ила ва яқиндан ҳамкорлик қилади. (Забур 31:8 ни ўқинг.) Яҳова шахсан сиз билан қизиқаётганини сезяпсизми? У сизни паҳпаҳлаб шакллантираётганини ҳис этяпсизми? Агар шундай бўлса, Яҳованинг қўлларида шаклланишга тайёр бўлган юмшоқ лойдек қолиш учун сизга қайси фазилатлар ёрдам беради? Қўрс ва ўжар бўлмаслик учун қайси иллатлардан қутулишингиз лозим? Қандай қилиб ота-оналар Яҳова уларнинг фарзандларини шакллантиришида У билан ҳамкорлик қила олишади? Кейинги мақолада мазкур саволларга жавоб топамиз.