Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Июнь 2016

Буюк Кулол сизни шакллантиришига йўл қўйяпсизми?

Буюк Кулол сизни шакллантиришига йўл қўйяпсизми?

Сизлар Менинг қўлимда кулол қўлидаги лойга ўхшайсизлар. ЕРМ. 18:6

ҚЎШИҚЛАР: 23, 22

1, 2. Нега Аллоҳ Дониёрни «суюкли бандаси» деб билган ва қай йўсин биз Дониёрга ўхшаб итоатли бўла оламиз?

ЯҲУДИЙЛАРНИ Бобилга асирликка олиб кетишганда, улар ёвуз руҳларга сиғинадиган одамларга ва бутларга тўлиб-тошган шаҳарга тушиб қолишди. Шунга қарамай, Дониёр ва унинг учта дўсти каби художўй яҳудийлар Бобилдаги одамлар уларга таъсир қилишларига йўл қўйишмади. (Дон. 1:6, 8, 12; 3:16–18) Дониёр ва унинг дўстлари Яҳовани Кулол сифатида тан олиб, фақатгина Унга садоқатли бўлишга қарор қилишди ва чиндан ҳам бунинг уддасидан чиқишди! Гарчи Дониёр деярли бутун умр Бобилда яшаган бўлса-да, фаришта уни «Худонинг суюкли бандаси», деб атаганди. (Дон. 10:11, 19)

2 Қадимда кулол лойга ўзи истагандай шакл бериш учун, тайёр лойни қолипга соларди. Бугунги кунда ҳақ топинувчилар Яҳовани Сарвари Коинот ҳамда одамлару халқларни шакллантиришга ҳаққи бор Зот, деб билишади. (Еремиё 18:6 ни ўқинг.) Шунингдек, Аллоҳ ҳар биримизни ҳам шахсан шакллантиришга ҳақлидир. Бироқ У ирода эркинлигимизни ҳурмат қилади ва Унга ихтиёрий равишда бўйсунишимизни истайди. Бу мақолада қандай қилиб Аллоҳнинг қўлида юмшоқ лойдек қолишимиз мумкинлигини ўрганамиз ва қуйидаги учта саволни муҳокама  қиламиз: 1) Худонинг маслаҳатига риоя этишимизга тўсқинлик қиладиган иллатлардан қандай фориғ бўла оламиз? 2) Мулойим ва итоаткор бўлишимизга ёрдам берадиган фазилатларни қай йўсин ривожлантиришимиз мумкин? 3) Фарзандларини шакллантиришда масиҳий ота-оналар қандай қилиб Худога бўйсуна олишади?

ЮРАКНИ ТОШ ҚИЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ИЛЛАТЛАРДАН ЙИРОҚЛАШИНГ

3. Қайси иллатлар бағримизни тош қилиши мумкин? Мисол келтиринг.

3 Ҳикматлар 4:23 да: «Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир»,— деб ёзилган. Хўш, тошбағир бўлишимизга олиб келадиган қайси иллатлардан ўзимизни асрашимиз керак? Масалан, мағрурлик, гуноҳ қилишга мойиллик ва имон етишмаслиги. Бундай иллатлар дастидан итоатсиз ва исёнкор бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. (Дон. 5:1, 20; Иброн. 3:13, 18, 19) Айнан шундай вазият Яҳудо шоҳи Уззиё билан ҳам юз берди. (2 Солномалар 26:3–5, 16–21 ни ўқинг.) Бошида Уззиё «Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди» ва Унга интилди. Шунинг учун Аллоҳ уни қўллаб-қувватларди. Лекин «Уззиё кучайиб кетгандан кейин, ҳалокатга олиб борадиган киборликка берилди». У Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларга тегишли шарафни ўзига эп билиб, ҳатто маъбадда тутатқи тутатмоқчи бўлди. Руҳонийлар унга танбеҳ беришганларида эса, мағрур Уззиё қаттиқ ғазабланди. Натижаси қандай бўлди? Аллоҳ уни «ҳалокатга» йўлиқтирди ва у ўлимигача тери касаллигидан тузалмади. (Ҳик. 16:18)

4, 5. Агар мағрурликдан қочмасак, нима юз бериши мумкин? Мисол келтиринг.

4 Агар мағрурликдан қочмасак, ўзимиз ҳақимизда «керагидан ортиқ ўйлаб», ҳатто Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни рад этишимиз мумкин. (Рим. 12:3; Ҳик. 29:1) Жамоатдаги бир масала бўйича бошқа оқсоқоллар билан фикри келишмай қолган Жим исмли оқсоқолнинг мисолига эътибор қаратайлик. У шундай деб бўлишди: «Биродарларга улар мени ёқтирмаётганини айтиб, оқсоқоллар учрашувини тарк этдим». Деярли олти ойдан сўнг Жим қўшни жамоатга ўтиб кетди, аммо у ерда уни оқсоқол этиб тайинлашмади. У гапида давом этиб: «Ҳафсалам пир бўлди. Манманлигим устун чиқиб, Яҳовага хизмат қилишни тўхтатдим»,— деб айтди. Жим 10 йил давомида маънан фаолиятсиз бўлиб юрди. У қуйидагиларни тан олди: «Мағрурлигим туфайли бўлаётган нарсаларда Яҳовани айблардим. Йиллар мобайнида биродарлар олдимга келиб, мен билан мулоҳаза юритишга уринишарди, лекин мен уларнинг ёрдамини рад этардим».

5 Жим биродаримизнинг мисоли, мағрурлик сабабли хатти-ҳаракатларимизни оқлаб, ўжар бўлиб қолишимиз мумкинлигини кўрсатяпти. (Ерм. 17:9) Жимнинг тушунтиришича, у «бошқаларнинг камчиликларига диққат қарата олмай туролмасди». Сиз-чи, имондошингиздан қачондир ранжиганмисиз? Ёки муайян шарафли вазифадан маҳрум бўлганингиз учун хафа бўлганмисиз? Ўшанда ўзингизни қандай тутгансиз? Мағрурланиб кетганмисиз ё биродарингиз билан тинчлик сақлаб, Яҳовага садоқатли қолишни муҳимроқ деб билганмисиз? (Забур 118:165; Колосаликларга 3:13 ни ўқинг.)

6. Гуноҳ қилишда давом этсак, нима содир бўлиши мумкин?

6 Агар инсон гуноҳ қилишда давом этса, эҳтимол ҳатто уларни яшириб юрса, у илоҳий маслаҳатларга бепарво бўлиб қолиши мумкин. Шунда гуноҳ қилиш одатий ҳолга айланади. Бир биродарнинг айтишича, вақт ўтган сари у ўзининг қилмишларидан умуман безовта бўлмай қолган экан. (Воиз 8:11) Ўтмишда порнографияни кўришга одатланган бошқа биродар эса шундай фикр билдирди: «Менда оқсоқолларга нисбатан танқидий муносабат ривожланаётганини пайқадим». Унинг бу одати Яҳова билан бўлган муносабатларига путур етказди. Охири, қилмиши ҳақида бошқалар билиб қолишди ва оқсоқоллар  унга керакли ёрдам кўрсатишди. Тўғри, ҳаммамиз номукаммалмиз. Бироқ Аллоҳдан кечирим ва ёрдам сўрашнинг ўрнига, танқидий руҳни ривожлантираётган ёки нотўғри хатти-ҳаракатимизни оқлаётган бўлсак, бу, юрагимиз тош бўлиб қолаётганидан даракдир.

7, 8. а) Исроил халқи имон етишмаслиги дастидан тошбағир бўлиб қолганини қандай кўрсатган? б) Бундан қандай сабоқ олсак бўлади?

7 Қандай қилиб имон етишмаслиги дастидан тошбағир бўлиб қолиш мумкинлигини, Миср қуллигидан озод қилинган Исроил халқининг мисолидан кўрса бўлади. Аллоҳ бу халқ учун кўпгина ҳайратомуз мўъжизалар яратган ва халқ уларни ўз кўзи билан кўрган. Шунга қарамай, ваъда қилинган юрт остонасида турганда, улар имони суст эканини кўрсатишган. Яҳовага таянишнинг ўрнига, улар қўрқиб қолишган ва Мусога қарши нолишни бошлашган. Бу халқ ҳатто қулликда бўлган жойга, яъни Мисрга қайтишни истаган. Яҳовага бу оғир ботган ва У: «Қачонгача бу халқ Мени хўрлайди?!» — деб айтган. (Саҳ. 14:1–4, 11; Заб. 77:40, 41) Бағритош бўлишгани ва имони етишмагани боис, ўша исроилликлар саҳрода ўлиб кетишган.

8 Янги дунё арафасида турар эканмиз, ҳар биримизнинг имонимиз синалади. Шу боис, имонимиз қай ҳолатда эканини текшириб турсак, яхши бўларди. Масалан, Матто 6:33 да қайд этилган Исонинг сўзлари устида мулоҳаза юритиб кўрайлик. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Мақсадларим ва чиқараётган қарорларимдан Исонинг ушбу сўзларига чиндан ҳам ишонаётганим кўриняптими? Кўпроқ пул топаман деб, йиғилишлар ёки хизматимни қолдирмаяпманми? Агар ишга анчагина вақт ва куч сарфлашимга тўғри келса, қандай йўл тутаман? Ушбу дунё мени ўз қолипига туширишига ва эҳтимол, ҳатто Яҳовадан узоқлаштиришига йўл қўяманми?»

9. Нега имонимизни мунтазам текшириб туришимиз керак ва буни амалда қандай қила оламиз?

9 Мисол учун, мулоқот қилиш, четлатилиш ёки ўйин-кулги масаласида Муқаддас Китобдаги меъёрларга мажбуран амал қилаётган Яҳованинг хизматчиси ҳақида ўйлаб кўринг. Ўзингиздан: «Менинг вазиятимда ҳам шундай бўлиши мумкинми?» — деб сўранг. Мабодо биз ҳам бағритош бўлаётганимизни пайқасак, дарров имонимизни текширишимиз зарур! Муқаддас Китобда: «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб, қандай инсон эканингизни текшириб туринглар»,— деган маслаҳат ёзилган. (2 Кор. 13:5) Ҳа, ўзингиз билан ростгўй бўлинг ва мунтазам равишда Аллоҳнинг Каломи асосида ўзингизни текшириб туринг!

ШАКЛЛАНИШГА ТАЙЁР БЎЛИНГ

10. Яҳованинг қўлида юмшоқ лойдек қолишимизга нима ёрдам беради?

10 Юмшоқ лойдек қолишимизга ёрдам бериш учун, Аллоҳ бизга Каломини, жамоатни ва хизматни тақдим этган. Сув туфайли лой юмшагани каби, Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш ва у устида фикр юритиш Яҳованинг қўлида осонликча шаклланишимизга кўмаклашади. Яҳова Исроил шоҳларига Тавротдан ўзлари учун нусха кўчириб, уни ҳар куни ўқишни буюрганди. (Қонун. 17:18, 19) Ҳаворийлар ҳам Муқаддас Ёзувларни ўқиш ва ўқиганлари устида мулоҳаза юритиш хизматлари учун муҳим эканини англашган. Улар ўз мактубларида юзлаб маротаба Иброний Ёзувлардан сўзлар келтиришган ва одамларга ваъз қилишганларида, уларни ҳам бундай қилишга чорлашган. (Ҳавор. 17:11) Бугунги кунда Худонинг Каломини мунтазам ўқиб, у устида ибодат ила мулоҳаза юритиш муҳим эканини биз ҳам тушуняпмиз. (1 Тим. 4:15) Бундай қилсак, камтарин бўлиб қоламиз ва Яҳова бизни шакллантира олишига йўл қўйиб берамиз.

Худо тақдим этаётган ҳадялар ёрдамида шаклланишга тайёр бўлинг (10–13- хатбошиларига қ.)

11, 12. Қай йўсин Яҳова жамоат орқали бизни шахсий эҳтиёжларимизга қараб шакллантира олади? Мисол келтиринг.

11 Яҳова жамоат орқали бизни шахсий эҳтиёжларимизга қараб шакллантиришга қодир. Юқорида тилга олинган Жимга оқсоқол  шахсий қизиқиш кўрсатганида, унинг муносабати ўзгара бошлади. «У биродар шундай аҳволга тушганим учун мени айбламади, танқид ҳам қилмади. Бунинг ўрнига, у ижобий нуқтаи назарни сақлаб, менга астойдил ёрдам бермоқчи эканини кўрсатди»,— деб бўлишди Жим. Тахминан уч ойдан сўнг ўша оқсоқол Жимни йиғилишга таклиф қилди. «Жамоатдагилар мени илиқ қарши олишди ва уларнинг севгиси ўзгаришимга туртки бўлди. Шунда ҳис-туйғуларим унча муҳим эмаслигини тушуна бошладим. Биродарларнинг ва ҳақиқат йўлида маҳкам турган суюкли хотинимнинг ёрдами билан аста-секин маънан тикландим. Қолаверса, “Қўриқчи минораси”нинг 1992 йил 15 ноябрь сонидаги “Яҳова айбдор эмас” ва “Яҳовага садоқат ила хизмат қилинг” номли мақолалардан анча далда олдим»,— дея сўзлаб берди Жим.

12 Вақт ўтиб, Жимни яна оқсоқол қилиб тайинлашди. Ўша пайтдан бошлаб, у бошқа биродарларга ўзиникига ўхшаш муаммоларни ечишга ва маънан тикланишга кўмаклашиб келяпти. У шундай дея хулоса қилди: «Яҳова билан муносабатларим яқин деб ўйлардим, аслида эса, бундай бўлмаган экан. Мағрурлигим сабаб диққатимни муҳимроқ бўлган нарсаларга эмас, одамларнинг камчиликларига қаратганимдан пушаймонман». (1 Кор. 10:12)

13. Хизматимиз қайси фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради ва бу нимаси билан фойдали?

13 Қай тарзда ваъзгўйлик хизмати яхши инсон сифатида шаклланишимизга ёрдам беради? Ўзгалар билан хушхабарни баҳам кўриш камтаринликни ва муқаддас руҳ самараси саналадиган бошқа фазилатларни ривожлантиришимизга кўмаклашади. (Галат. 5:22, 23) Хизматда ривожлантирган яхши хислатларингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Масиҳга хос фазилатларни намоён этсак, хушхабарни безаймиз ва бу, баъзи суҳбатдошларимизнинг  бизга бўлган муносабатига таъсир қилиши мумкин. Мана бир мисол: Австралиядаги иккита имондошимиз уларга қўпол гапирган уй эгасини ҳурмат ила тинглашибди. Бироқ кейинчалик ўша аёл ўзини шундай тутганидан афсусланиб, филиалга хат ёзибди. «Манман бўлиб, ўзимни кибор тутганим учун ўша узоқ сабрли ва камтарин иккита одамдан кечирим сўрамоқчиман. Аллоҳнинг Каломини хабарлаётган шу иккита инсон олдида ўзимни катта тутиб ва шу йўсинда ўзимни олиб қочмоқчи бўлиб, аҳмоқлик қилган эканман»,— деб ёзди у. Ваъзгўйлар салгина ғазабланишганида эди, эҳтимол, ўша аёл хат ёзмасди ҳам. Қаранг, хизматимиз ўзимизга ва яқинларимизга қанчалик фойдали бўлиши мумкин-а?!

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ШАКЛЛАНТИРАЁТИБ, ЯҲОВАГА БЎЙСУНИНГ

14. Фарзандларни шакллантиришда муваффақиятли бўлишни истаётган ота-оналар нима қилишлари керак?

14 Аксарият болалар камтарин ва билим олишга мойил бўлишади. (Мат. 18:1–4) Шундай экан, ота-оналар ҳақиқат тўғрисидаги билим ва унга бўлган севгини жигарбандларининг қалбию онгига сингдиришга ҳаракат қилишса, оқилона бўлади. (2 Тим. 3:14, 15) Албатта, бунда муваффақиятга эришиш учун ота-оналар ҳақиқатни аввал ўз юракларига жо қилиб, унга мувофиқ ҳаёт кечиришлари керак. Агар ота-оналар бундай йўл тутишса, фарзандлари нафақат ҳақиқатни билиб олишади, балки билганларига амал ҳам қилишади. Қолаверса, фарзандлар ота-онаси бераётган тарбиянинг ортида уларнинг ва Яҳованинг севгиси турганини кўра олишади.

15, 16. Агар фарзанд четлатилган бўлса, ота-она Худога таянаётганини қандай кўрсатиши лозим?

15 Масиҳийлар оиласида тарбияланганига қарамай, баъзи фарзандлар вақт ўтгач ҳақиқатдан узоқлашишади ёки жамоатдан четлатилишади ва бу билан яқинларининг бағрини қон қилишади. Жанубий Африкадаги имондошимиз шундай деб бўлишди: «Акамни четлатишганда, у мен учун ўлгандай бўлди. Ўшанда юрагим тилка-пора бўлиб кетди». Бу вазиятда имондошимиз ва унинг ота-онаси қандай йўл тутишди? Улар Худонинг Каломидаги йўл-йўриққа риоя этишди. (1 Коринфликларга 5:11, 13 ни ўқинг.) Бу ота-она шундай фикр билдирди: «Аллоҳ истагандай йўл тутиш яхши натижаларга олиб келишини тушунган ҳолда, биз Муқаддас Китобдаги меъёрларга бўйсунишга қатъий қарор қилдик. Биз четлатилишни Худонинг тарбиясидек кўриб, У буни севги ила ва керакли миқдорда қилишига ишонардик. Шунинг учун, биз ўғлимиз билан фақатгина ўта зарур оилавий масалалар бўйича мулоқот қилардик».

16 Хўш, ўшанда ўғли ўзини қандай ҳис этган? Тиклангандан кейин у бу борада шундай деди: «Тўғри, оилам мени яхши кўришини билардим, аммо улар Яҳовага ва ташкилотга бўйсунишлари кераклигини ҳам тушунардим. Инсон Яҳовадан ёрдам ва кечирим сўраб, бор кучи билан илтижо қилганида, Унга қанчалик муҳтож эканини англар экан». Ўша киши тикланганида, оиладагилари қанчалик қувонганини тасаввур қилинг! Дарҳақиқат, агар ҳар ишимизда Эгамизни эътироф этсак, албатта баракаларга эришамиз! (Ҳик. 3:5, 6; 28:26)

17. Нега Яҳовага камтарлик ила бўйсунишда давом этишимиз керак ва бунинг натижаси қандай бўлади?

17 Ишаё пайғамбар Бобилдаги яҳудийлар тавба қилиб, қуйидагича айтишларини башорат қилганди: «Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен эса кулолсан, ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз! Гуноҳларимизни то абад ёдда тутма. Қара, ахир, ҳаммамиз Сенинг халқингмиз!» (Ишаё 64:8, 9) Агар биз ҳам Яҳовага камтарлик ила бўйсунишда давом этсак, Унинг назарида Дониёр каби суюкли бўла оламиз. Устига-устак, Яҳова бизни Каломи, руҳи ва ташкилоти орқали шакллантиришда давом этгани боис, келажакда Унинг мукаммал фарзандлари бўламиз! (Рим. 8:21)