Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2016

Бриллиантлардан ҳам қимматлироқ бўлган илоҳий фазилат

Бриллиантлардан ҳам қимматлироқ бўлган илоҳий фазилат

Азалдан бриллиант қимматбаҳо тош, деб ҳисобланиб келган. Баъзи бриллиантларнинг нархи ҳатто бир неча миллион доллар туради. Қизиқ, Худонинг назари билан қараганда, бриллиантлардан ё бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам қимматлироқ нарсалар бормикан?

 Арменияда яшовчи Хигануш исмли сувга чўммаган бир ваъзгўй уйининг олдида паспорт топиб олибди. Паспортнинг ичида бир нечта кредит карточкалар ва анчагина пул бор эди. Шунда у бу ҳақда сувга чўммаган ваъзгўй бўлган турмуш ўртоғига айтиб берибди.

Ўша пайт бу жуфтлик моддий тарафдан қийналаётганди ва уларнинг қарзи ҳам бор эди. Аммо шунга қарамай, улар топиб олган пулни паспортда кўрсатилган манзил бўйича эгасига обориб беришга қарор қилишди. Паспорт эгаси ва унинг оила аъзолари бундан ҳайрон қолишди. Шунда Хигануш ва унинг эри уларга Муқаддас Китобни ўрганишаётгани учун бундай йўл тутишганини тушунтириб беришди. Улар ҳалол бўлишлари кераклигини тушунган ҳолда, имкониятни қўлдан бой бермасдан, бу оила билан Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида суҳбатлашишди ва уларга баъзи адабиётларни ташлаб кетишди.

Ўша оила Хиганушга мукофот сифатида пул бермоқчи бўлди, лекин у рад этди. Кейинги куни Хигануш ва унинг эри олдига ўша кишининг хотини келиб, миннатдорчилик юзасидан Хиганушга бриллиант кўзли узук совға қилди.

Ўша оилага ўхшаб, кўпларни Хигануш ва унинг турмуш ўртоғи кўрсатган ҳалоллиги ҳайрон қолдирса керак. Бироқ бу Яҳовани қойил қолдирадими? Уларнинг ҳалоллигига Яҳова қандай қарайди? Ҳалол бўламан деб, бундай ҳаракатлар қилишлари арзирмиди?

МОДДИЙ НАРСАЛАРДАН ҚИММАТЛИРОҚ БЎЛГАН ФАЗИЛАТЛАР

Юқоридаги саволларга жавоб топиш қийин эмас. Сабаби, Яҳованинг хизматчилари илоҳий фазилатларни намоён этиш Унинг назарида бриллиантдан, тилладан ёки бошқа моддий нарсалардан ҳам қимматлироқ эканини билишади. Ҳа, нима қимматбаҳо, нима эса арзимас эканига бўлган Яҳованинг нуқтаи назари аксарият одамларнинг фикридан кескин фарқ қилади. (Ишаё 55:8, 9) Яҳованинг хизматчилари Унинг хислатларига тақлид қилиш учун қилган саъй-ҳаракатлари зое кетмаслигига аминлар.

Келинг, Муқаддас Китобда донолик ва ақл-идрок каби фазилатлар ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик. Ҳикматлар 3:13–15 да шундай айтилган: «Доноликка эришган, ақл-идрок топган қандай бахтлидир! Чунки унинг нафи кумушдан, фойдаси эса олтиндан ҳам афзалроқдир. У жавоҳирлардан ҳам азиздир, сен тилаган бирор нарса унга тенг келмайди». Демак, кўриниб турганидек, Яҳова бундай хислатларни ҳар қандай моддий бойликдан кўра кўпроқ қадрлайди.

Ҳалоллик ёки ростгўйлик хислати ҳақида-чи, нима деса бўлади?

Яҳованинг Ўзи ростгўйдир ва У «ёлғон гапирмайди». (Титус. 1:2) У ҳаворий Павлусни илҳомлантириб, биринчи асрдаги иброний масиҳийларга қуйидагиларни ёзишга ундаган: «Биз ҳақимизда ҳам ибодат қилиб туринглар. Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаганимиз сабабли, виждонимиз пок эканига ишонамиз». (Иброн. 13:18)

Исо Масиҳ ҳам ростгўй бўлишда яхши ўрнак қолдирган. Масалан, олий руҳоний Каяфа ундан: «Барҳаёт Худо ҳаққи қасам ичиб, бизга айт-чи, Худонинг Ўғли Масиҳ сенмисан?» — деб сўраганини эслайлик. Гарчи Олий Кенгаш уни шаккок деб айблашини ҳамда ўлим жазосига маҳкум этишини билса-да, Исо бу вазиятда ҳам рост гапириб, Масиҳ эканини айтган. (Мат. 26:63–67)

Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Мабодо кимгадир маълумотни тўлиқ айтмаганимиз ёки баъзи тафсилотларни қолдириб айтганимиз бизга моддий фойда келтиришини билсак, ростгўй бўламизми?

РОСТГЎЙ БЎЛИШ АРЗИЙДИМИ?

Тўғри, кўпчилик «ўзини севадиган, пулпараст» бўлгани учун, ушбу охирзамонда  ростгўй бўлиш осон эмас. (2 Тим. 3:2) Устига-устак, молиявий инқироз ёки ишсизлик ростгўйлигимизга таъсир қиляпти. Одамлар бу билан ўзларини оқлаб, ўғирлик, муттаҳамлик ва яна бошқа ёлғон-яшиқ ишлар қилиб юришибди. Бундай фикрлаш тарзи шунчалик кенг тарқалганки, ҳатто кўплар ёлғон ишлатмасдан пул топишнинг иложи йўқ, деб ўйлашади. Афсуски, айрим масиҳийлар ҳам бу масалада нотўғри қарор чиқариб, «ҳаром йўл билан фойда кўришга»ни учун жамоатдаги ҳурматини йўқотишди. (1 Тим. 3:8; Титус. 1:7)

Лекин масиҳийларнинг аксарият қисми Исога тақлид қиляпти. Улар, илоҳий фазилатлар ҳар қандай бойлигу лавозимдан муҳимроқ эканини тушунишади. Шунинг учун, ёш масиҳийлар мактабда яхши баҳо оламан, деб ёлғон ишлатишмайди. (Ҳик. 20:23) Албатта, Хигануш билан бўлганидек, ростгўйлигингиз ё ҳалоллигингиз учун сизга доим ҳам мукофот беришмайди. Лекин асосийси, ростгўй бўлиш Аллоҳнинг назарида тўғридир ва бу, чиндан ҳам бебаҳо ҳадя бўлмиш виждонни пок сақлашга имкон яратади.

Гэгикнинг мисоли буни яққол тасвирлайди. У шундай деб бўлишди: «Масиҳий бўлишдан олдин катта корхонада ишлардим. Бу корхонанинг раҳбари солиқ тўлашдан бўйин товлаб, ҳужжатларда корхона топган даромаднинг фақат оз қисми ҳақидагина ҳисобот берарди. Бош менеджер бўлганим боис, солиқ йиғувчи киши корхонамизнинг ёлғон-яшиқ ишларига кўз юмиши учун унга пора бериб, у билан келишиб олишни сўрашганди. Охир-оқибат, муттаҳам деган ном орттирдим. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билганимда эса, яхши ойлик тўлашларига қарамай, бу ишимдан воз кечдим. Кейин ўз бизнесимни йўлга қўйиб, бошиданоқ корхонамни рўйхатдан ўтказдим ва барча солиқларни тўлайдиган бўлдим». (2 Кор. 8:21)

Гэгик давом этиб, қуйидагича деди: «Даромадим олдингисига қараганда икки баробар камроқ бўлгани сабабли, оиламни таъминлаш қийин кечган. Бироқ шунга қарамай, ҳозир мен бахтлироқман. Яҳованинг олдида виждоним тоза. Иккита ўғлим учун яхши ўрнакман ва жамоатда ҳам шарафли вазифаларим бор. Энди эса, мен билан иш юритаётган солиқ йиғувчилар ва бошқалар орасида ҳалол инсон сифатида танилганман».

ЯҲОВА — ЁРДАМ МАНБАИДИР

Яҳова Унинг олий фазилатларини, жумладан, ростгўйликни намоён этиб, таълимотини безайдиган хизматчиларини яхши кўради. (Титус. 2:10) Яҳова шоҳ Довудни илҳомлантириб, қуйидаги сўзларни ёзишга ундаган эди: «Мен ҳам ёш эдим, энди кексайдим, солиҳнинг тарк этилганини, уларнинг зурриёти нон тилаганини кўрмадим». (Заб. 36:25)

Художўй Рут билан бўлган воқеа ҳам бунинг яққол исботидир. Рут қайнонаси Наимани қарилигида ташлаб кетмай, у билан қолишга қарор қилади ва ўша пайт ҳақ Таолога топиниш жойи бўлган Исроилга кўчиб ўтади. (Рут 1:16, 17) Исроилда бўлганида Рут камбағаллар учун Қонунда қайд этилган чорага биноан, бошоқларни териб, астойдил меҳнат қилади ва ҳалолликни намоён этади. Яҳова кейинчалик Довуд билан қандай йўл тутган бўлса, Рут ва Наима билан ҳам худди шундай йўл тутган, яъни уларни муҳтожликда қолдирмаган. (Рут 2:2–18) Қолаверса, Яҳова Рутга нафақат моддий томонлама ёрдам берган, балки уни Ҳазрати Довуднинг ва ҳатто ваъда қилинган Масиҳнинг авлоди бўлишга лойиқ деб топган. (Рут 4:13–17; Мат. 1:5, 16)

Яҳованинг айрим хизматчилари ҳам асосий эҳтиёжларини қондириш учун пул топиш жуда қийин бўлган пайтларни бошдан ўтказаётган бўлишлари мумкин. Лекин шунда ҳам улар осон ва ҳаром йўл билан пул топишни ўйламай, астойдил ва қунт ила меҳнат қилиб келишяпти. Бу билан улар Аллоҳнинг олий хислатларини,  чунончи, ҳалолликни моддий нарсалардан кўпроқ қадрлашаётганини кўрсатишяпти. (Ҳик. 12:24; Эфес. 4:28)

Рутга ўхшаб, бугунги кундаги масиҳийлар ҳам Яҳова уларга ёрдам бера олишига аминлар. Улар Аллоҳнинг: «Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман»,— деган ваъдасига тўлиқ ишонишади. (Иброн. 13:5) Аллоҳимиз Яҳова, ҳалолликни ҳамиша, ҳатто ночор аҳволда бўлганда ҳам, намоён этаётганларга ёрдам беришга қодир эканини қайта-қайта кўрсатиб келган. Ҳа, У зарурий эҳтиёжларимизни қондириши ҳақидаги ваъдасига вафо қиляпти. (Мат. 6:33)

Тўғри, одамлар бриллиантларни ва бошқа қимматбаҳо буюмларни юқори қадрлашлари мумкин. Аммо самовий Отамизнинг назарида ҳалоллик ва Унинг бошқа фазилатларини намоён этиш ҳар қандай қимматбаҳо тошдан ҳам қимматлироқ экани турган гап!

Ҳалол бўлиш виждонимизни тоза сақлашга ва хизматда сўз эркинлигига эга бўлишга имкон беради