Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2016

«Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир»

«Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир»

Тингланг, эй Исроил халқи: Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир. ҚОНУН. 6:4, ЯДТ

ҚЎШИҚЛАР: 138, 2

1, 2. а) Нега Қонунлар 6:4 даги сўзлар кўпчиликка таниш? б) Нима мақсадда Мусо бу сўзларни айтган?

АСРЛАР оша Иброний Ёзувлардаги Қонунлар 6:4 даги олтита сўзни яҳудийлар ўзларининг ўзгача ибодатида ишлатиб келишяпти. Улар буни ҳар куни эрталаб ва кечқурун айтишади. Мазкур ибодат шу оятдаги биринчи сўзга асосланган бўлиб, Шема деб номланади. Тақводор яҳудийлар бу ибодат орқали Худога бўлган садоқатини намоён этишади.

2 Ўша олтита сўз, Мусо мил. авв. 1473 йили Мўаб текисликларида йиғилган Исроил халқига қарата айтган охирги нутқининг бир қисмидир. Ўшанда бу халқ ваъда қилинган юртга эга бўлиш учун Иордан дарёсини кечиб ўтиш арафасида турганди. (Қонун. 6:1) Охирги 40 йил ичида уларнинг йўлбошчиси бўлган Мусо келажакдаги қийинчиликлар олдида халқ дадил бўлишини истарди. Улар Худоси бўлмиш Яҳовага таяниб, фақатгина Унга садоқатли бўлишлари керак эди. Мусонинг якунловчи сўзлари, шак-шубҳасиз, халққа қаттиқ таъсир қилганди. Яҳова томонидан бу халққа берилган Ўнта амр ва бошқа қонунларни тилга олгач, Мусо Қонунлар 6:4, 5 даги  (ўқинг) кучли маънога эга бўлган сўзларни айтиб ўтганди. *

3. Мазкур мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Қизиқ, Исроил халқи у ерда Мусо билан йиғилганида, уларнинг Тангриси Яҳова — «танҳо Яҳова» эканини билмаганми? Албаттаки, билган. Исроил халқи танҳо Аллоҳни, яъни ота-боболари Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосини биларди ва фақат Унга топинарди. Ундай бўлса, нега Мусо уларнинг диққатини Аллоҳ Яҳова — «танҳо Яҳова» эканига қаратган? Яҳова танҳо эканини тан олиш ҳамда 5- оятда айтилганидек, Уни бутун қалб, жон ва вужуд билан севиш ўртасида қандайдир боғлиқлик борми? Қонунлар 6:4, 5 даги сўзлар бугунги кунда биз учун қандай аҳамиятга эга?

ЯҲОВА ТАНҲОДИР

4, 5. а) «Танҳо Яҳова» иборасининг маъноларидан бири қандай? б) Аллоҳ Яҳова бошқа халқларнинг маъбудларидан қандай фарқ қилади?

4 Ягона. «Танҳо» сўзи иброний ва бошқа кўпгина тилларда фақатгина «бир» деган маънони эмас, балки «ўз турида ягона, биттаю битта, якка-ёлғиз» деган маъноларни ҳам билдиради. Хўш, нега Мусо бу иборани ишлатган? Бу билан у, учлик тўғрисидаги таълимот ёлғон эканини фош қилмоқчи бўлмаган. Шубҳасизки, Аллоҳ Яҳова — еру кўкнинг Яратувчиси, Сарвари Коинотдир. Ундан бўлак ҳақ Худо йўқдир, Унга асло ўхшаши йўқ! (2 Шоҳ. 7:22) Шундай экан, Мусо Исроил халқига ёлғиз Яҳовага топинишлари кераклигини эслатмоқчи бўлган. Улар, турли маъбуд ва маъбудаларга сиғиниб юрган ён-атрофдаги халқларга тақлид қилмасликлари лозим эди. Бу одамлар ўша сохта худоларнинг баъзилари табиат кучлари устидан бошқара олишади, деб ишонишган.

5 Мисол учун, мисрликлар қуёш худоси Ра, осмон маъбудаси Нут, ер илоҳи Геб, Нил маъбуди Хапига ва бошқа талайгина ҳайвонларга сиғинишган. Ушбу сохта худоларнинг аксариятига Яҳова Ўнта жазо орқали қақшатқич зарба берганди. Канъонликларнинг асосий худоси эса, ҳосилдорлик маъбуди Баал бўлиб, у осмон, ёмғир ва бўрон худоси деб ҳам ҳисобланган. Кўп жойларда Баални, шунингдек, ҳомийлик қилувчи маҳаллий худо деб билишган. (Саҳ. 25:3) Шунинг учун, Исроил халқи уларнинг «ҳақ Худоси» «танҳо Яҳова» эканини ёдда тутишлари зарур эди. (Қонун. 4:35, 39, ЯДТ)

6, 7. Баъзи тилларда «танҳо» сўзининг яна қандай маъноси бор ва Яҳовага бу нимаси билан тегишли?

6 Ўзгармас ва садоқатли. «Танҳо» деб таржима қилинган сўз баъзи тилларда, шунингдек, ният ва ҳаракатлар ҳамоҳанглигини ҳамда бирликни англатади. Ҳа, Аллоҳ Яҳова Ўз ниятидан қайтмайди ва Унга ишонса бўлади. У доимо садоқатли, ўзгармас ва ростгўйдир. Масалан, Яҳова Иброҳимга сўз бериб, авлодлари ваъда қилинган юртга эгалик қилишларини айтганди ва бу ваъданинг устидан чиқиш учун, У кўплаб мўъжизалар яратганди. Лафз қилганидан 430 йил ўтган бўлса ҳам, Яҳованинг бу нияти ўзгармади. (Ибт. 12:1, 2, 7; Чиқ. 12:40, 41)

7 Асрлар ўтгач, Яҳова Исроил халқини Ўз шоҳидлари сифатида тан олганида, танҳо Худо эканини таъкидлаб: «Мендан олдин бирон худо бўлмаган, Мендан кейин ҳам бўлмайди»,— деган. Нияти ҳеч қачон ўзгармаслигига ишора қилиб эса, Яҳова: «Азалдан буён Мен Ўшаман»,— деб қўшиб қўйган. (Ишаё 43:10, 13; 44:6; 48:12) Барча ишларида барқарор ва ишончли бўлган Аллоҳ Яҳованинг хизматчилари бўлиш, исроилликлар ва Унинг Шоҳидлари бўлмиш бизлар учун улкан шарафдир! (Мал. 3:6, 7; Ёқб. 1:17)

8, 9. а) Яҳова топинувчиларидан нимани талаб қилади? б) Қай йўсин Исо, Мусо айтган сўзларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтган?

8 Дарҳақиқат, Мусо Исроил халқига Яҳова севги ва ғамхўрликни намоён этишда барқарор эканини эслатмоқчи бўлган. Бунга  жавобан, Исроил халқи Яҳовага садоқатли бўлиб, Уни бутун қалб, жон ва вужуд билан севишлари керак эди. Фарзандлари ҳам фақат Яҳовага садоқатли бўлишлари учун, исроиллик ота-оналар ҳар фурсатдан фойдаланиб, уларга таълим беришлари муҳим эди. (Қонун. 6:6–9)

9 Яҳова ниятида қатъий туриб, ўзгармас экан, Унинг ҳақ топинувчиларига бўлган талаблари ҳам ўзгармасдир. Топинишимиз Худога маъқул келиши учун, биз ҳам фақат Унга садоқатли бўлиб, Уни бутун қалбимиз, онгимиз ва қувватимиз билан севишимиз даркор. Исонинг сўзларига кўра, бу энг муҳим амрдир. (Марк 12:28–31 ни ўқинг.) Шунинг учун келинг, «Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳова» эканини чиндан ҳам тушунаётганимизни амалда қандай кўрсатишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ФАҚАТ ЯҲОВАГА САДОҚАТЛИ БЎЛИНГ!

10, 11. а) Нега ёлғиз Яҳовага топинишимиз керак? б) Иброний ўспиринлар Бобилда бўлишганида, фақат Яҳовага содиқ эканликларини қандай намоён этишган?

10 Яҳова яккаю ягона Худойимиз бўлиши учун, биз фақат Унга садоқатни намоён этишимиз лозим. Биз Ундан бўлак ҳеч кимга топинмаймиз ҳамда топинишимизни турли сохта ақидалару анъаналар билан булғамаймиз. Шуни ёдда тутишимиз керакки, Яҳова бошқа худолар ичида нафақат ягонадир, балки энг олий ва энг қудратли ҳамдир. Ёлғиз У топинишимизга лойиқдир! (Ваҳий 4:11 ни ўқинг.)

11 Дониёр пайғамбарнинг китобида Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё исмли иброний ўспиринлар ҳақида ёзилган. Улар нопок ҳисобланган овқатни ейишдан ва Навухадназар ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишдан бош тортиб, фақат Яҳовага содиқ эканликларини намоён этишган. Улар учун ким муҳим экани аниқ-равшан кўринган ва улар Яҳовага топиниш масаласида қатъий туришган. (Дон. 2:1–3:30)

12. Яҳовага содиқ бўлишни истасак, нимага йўл қўймаслигимиз даркор?

12 Яҳовага содиқ бўлиш учун, У ҳаётимизда тутган ўринни бирор нарса эгаллаб олишига йўл қўймаслигимиз даркор. Хўш, бу қандай нарсалар бўлиши мумкин? Берган Ўнта амрида Яҳова, халқи бошқа худоларга сажда қилмаслиги ва ўзи учун ҳеч қандай бут ясамаслиги кераклигини айтганди. (Қонун. 5:6–10) Бугунги кунда бутпарастликнинг турлари кўп ва баъзиларини аниқлаш қийин кечиши мумкин. Аммо Яҳованинг талаблари ўзгармаган. У ҳамон ўша-ўша «танҳо Яҳовадир». Келинг, бу биз учун қандай аҳамиятга эга эканини кўриб чиқайлик.

13. Нималарни Яҳовадан кўпроқ севишни бошлашимиз мумкин?

13 Колосаликларга 3:5 да (ўқинг) масиҳийларнинг Яҳова билан бўлган бебаҳо дўстлигига нима путур етказиши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантириш ёзилган. Шуниси эътиборлики, бу оятда тамагирлик бутпарастлик билан бир қаторда тилга олинган. Бунинг сабаби шундаки, кимдир учун исталган нарсаси, чунончи, бойлик ёки зеб-зийнат ҳаётида шунчалик устувор бўладики, ҳатто у учун бу нарса худодек бўлиб қолади. Лекин агар бутун оятга назар ташласак, у ерда таъкидлаб ўтилган бошқа гуноҳли ишлар муайян даражада тамагирлик ва бутпарастлик билан ҳам боғлиқ эканини кўрсак бўлади. Бундай нарсалар пайига тушиш, Аллоҳдан кўра уларни кўпроқ севишга олиб келиши ҳеч гап эмас. Улар бизни ўз тузоғига туширишига ва шу йўсин «танҳо Яҳова» бундан буён Аллоҳимиз бўлмаслигига йўл қўйиб берамизми? Йўқ, албатта!

14. Ҳаворий Юҳанно қандай огоҳлантириш берган?

14 Ҳаворий Юҳанно шунга ўхшаш огоҳлантириш бериб, агар кимдир «тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш» каби дунёга хос нарсаларга муҳаббат қўйса, «унинг қалбида Отага бўлган  севги йўқ», деб таъкидлаганди. (1 Юҳан. 2:15, 16) Ҳа, ўйин-кулгилар, мулоқот, кийиниш ва пардоз-андоз масаласида қалбимиз бу дунёга оғиб кетмадимикан, деб ўзимизни ҳамиша текшириб туришимиз даркор. Борди-ю, инсон «катта режаларини» амалга ошириш мақсадида олий маълумотга эга бўламан деса, бу ҳам дунёга муҳаббат қўйганидан далолат беради. (Ерм. 45:4, 5) Шуни унутмангки, биз ваъда қилинган янги дунёнинг остонасида турибмиз. Шу боис, Мусонинг таъсирли сўзларини ёдда сақлаш ўта муҳимдир! Агар «Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳова» эканини аниқ тушуниб, бунга тўлиқ ишонсак, У истагандай хизмат қилиб, фақатгина Унга содиқ бўлиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. (Иброн. 12:28, 29)

МАСИҲИЙЛАР ОРАСИДА БИРЛИКНИ САҚЛАНГ

15. Нега Павлус ягона Худо — Яҳова эканини масиҳийларга эслатган?

15 «Танҳо Яҳова» деган ибора, Яҳова хизматчиларидан якдил бўлишларини ва бир мақсад сари интилишларини исташини тушунишимизга кўмаклашяпти. Биринчи асрдаги масиҳийлар жамоати яҳудийлар, юнонлар, римликлар ва бошқа миллат вакилларидан иборат эди. Уларнинг диний келиб чиқиши, урф-одатлари ва хоҳиш-истаклари турлича бўлган. Шу сабабли, айримлар учун янги эътиқодни қабул қилиш ва эски одатлардан бутунлай воз кечиш осон кечмаган. Шу боис ҳаворий Павлус, масиҳийлар учун ягона Худо — Яҳова бўлиши кераклиги ҳақида эслатишни ўринли деб билган. (1 Коринфликларга 8:5, 6 ни ўқинг.)

16, 17. а) Бугунги кунда қайси башорат амалга ошяпти ва бунинг натижаси қандай? б) Бирлигимизга нима рахна солиши мумкин?

16 Бугунги масиҳийлар жамоати борасида нима деса бўлади? Ишаё пайғамбарнинг башоратига кўра, «шундай кунлар келадики», ҳамма халқлар Яҳовага топиниш учун тўпланишади. Шунда улар: «[Яҳова] бизга  ўргатсин Ўзининг йўлларини, токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан»,— деб айтишади. (Ишаё 2:2, 3) Бу башорат кўз олдимизда амалга ошаётганидан нақадар бахтиёрмиз! Бунинг натижасида кўпгина жамоатларда турли ирқ, маданият ва тил эгалари бор бўлиб, бу орқали Яҳованинг исми улуғланяпти. Бироқ бундай хилма-хиллик баъзида қийинчиликлар туғдириши ҳам мумкин.

Жамоатнинг бирлигига ҳисса қўшяпсизми? (16–19- хатбошиларига қ.)

17 Масалан, сизникидан анча фарқ қиладиган маданиятга мансуб имондошларингиз тўғрисида қандай фикрдасиз? Уларнинг тили, кийиниш услуби, ўзини тутиши ва таомлари сизникига ўхшамаслиги мумкин. Сиз бундайлардан ўзингизни олиб қочиб, келиб чиқиши сизникига ўхшаш бўлганлар билан кўпроқ мулоқот қилишга мойилмисиз? Ҳудудингиздаги сиздан ёшроқ ёки турли ирқ ё маданият вакили бўлган оқсоқоллар билан-чи, ўзингизни қандай тутасиз? Бундай масалалар Яҳованинг халқи орасида ҳукм суриши керак бўлган бирликка рахна солишига йўл қўясизми?

18, 19. а) Эфесликларга 4:1–3 да қайси маслаҳат ёзилган? б) Қай йўсин жамоатнинг бирлигига ҳисса қўша оламиз?

18 Хўш, бундай қийинчиликларни енгишимизга нима ёрдам бера олади? Одамлари турли табақадан бўлган бой шаҳар Эфесда яшовчи масиҳийларга ҳаворий Павлус амалий маслаҳат берганди. (Эфесликларга 4:1–3 ни ўқинг.) Эътиборлиси шундаки, Павлус даставвал камтаринлик, мулойимлик, узоқ сабрлилик ва севги каби фазилатларни тилга олган. Бу фазилатларни уйни ушлаб турувчи устунларга ўхшатса бўлади. Лекин мустаҳкам устунлардан ташқари, уйни мунтазам таъмирлаб туриш ҳам керак. Йўқса, уй бузилади. Шу сабабли, Павлус Эфесдаги масиҳийларни «муқаддас руҳнинг бирлигини сақлаш» учун жой куйдиришга ундаган.

19 Дарҳақиқат, ҳар биримиз жамоатнинг бирлигига ҳисса қўшиш учун бор кучимизни ишга солишимиз керак. Қизиқ, буни қандай амалга ошира оламиз? Энг аввало, Павлус айтиб ўтган хислатларни, яъни камтаринликни, мулойимликни, узоқ сабрлиликни ва севгини ривожлантириб, уларни амалда кўрсатишимиз даркор. Қолаверса, «тинчлик ришталарини» мустаҳкамлаш учун астойдил ҳаракат қилишимиз керак. Орамиздаги муносабатлар дарз кетишига олиб келиши мумкин бўлган камчиликларимиз устида ишлашимиз лозим. Бундай йўл тутиб, орамизда бебаҳо тинчлик ва якдиллик ҳукм суришига ҳисса қўшган бўламиз.

20. «Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳова» эканини тушунаётганимизни қандай намоён эта оламиз?

20 Ростдан ҳам, «Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир»! Исроил халқи ваъда қилинган юртни эгаллаб олганида, бу сўзлар уларга қийинчиликларни енгишга куч бахш этган. Ушбу сўзлар бизга ҳам келажакдаги буюк қайғуда бардошли бўлишга ва жаннатда тинчлик ҳамда бирлик ҳукм суришига ҳисса қўшишда ёрдам беради. Шундай экан, келинг, Яҳовани севиб, Унга жону дилимиз билан хизмат қилиб ва жамоатда ҳамжиҳатлик бўлишига жон куйдириб, фақат Унга содиқ эканимизни намоён этайлик. Бундай қилишда давом этсак, Исо ҳукм қилиш учун келиб, бизни қўйлар сифатида тан олганида, қуйидаги сўзлар амалга ошганининг гувоҳи бўламиз: «Эй, Отамдан барака топганлар, келинглар, дунёга асос солинганидан бери сизларга тайёрлаб қўйилган Шоҳликка эга бўлинглар». (Мат. 25:34)

^ 2- х.б. (2- хатбоши) Қонунлар 6:4, 5, ЯДТ: «Тингланг, эй Исроил халқи: Аллоҳимиз Яҳова — танҳо Яҳовадир. Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун қувватингиз билан севинглар».