Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2016

Эрик ва Эми

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Ганада

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Ганада

ШОҲЛИК ХАБАРЧИЛАРИГА эҳтиёж катта бўлган жойга кўчиб ўтган бирон-бир имондошни биласизми? Ундай бўлса, ўзингиздан шундай деб сўраб кўринг: «Уларни чет элда хизмат қилишга нима ундаган? Улар ўзларини бундай хизмат турига қандай тайёрлашган? Мен ҳам бундай хизматда қатнаша оламанми?» Бу саволларга жавоб топишнинг энг яхши йўли, албаттаки, бундай биродару опа-сингилларнинг ўзлари билан суҳбатлашишдир. Келинг, айнан шундай йўл тутамиз.

УЛАРНИ НИМА УНДАДИ?

Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган мамлакатда хизмат қилиш ҳақида ўйлашга сизга нима туртки бўлди? Ёши 30 дан ошган АҚШлик имондошимиз Эми шундай деб бўлишди: «Йиллар мобайнида мен чет мамлакатда хизмат қилиш ҳақида ўйлардим, аммо бу менга эришиб бўлмайдиган бир мақсаддек кўринарди». Лекин унинг нуқтаи назарини нима ўзгартирган? «2004 йили Белизда хизмат қилаётган эру хотин мени ўзлариникига чақириб, бир ой давомида биргаликда кашшофлик қилишни таклиф этишди. Уларнинг таклифига рози бўлдим ва бу хизмат менга жудаям ёқди! Бир йилдан кейин эса Ганада кашшоф бўлиб хизмат қилиш учун у ерга кўчиб ўтдим».

Арон ва Стефани

Ёши тахминан 30 ларда бўлган АҚШлик имондошимиз Стефани бир неча йил олдин шароитларини кўриб чиқиб, шундай фикрга келди: «Соғлигим яхши. Оилавий мажбуриятларим ҳам йўқ. Бундай олиб қарасам, Яҳовага ҳозиргига қараганда анча кўпроқ хизмат қила олар эканман». Ўзига шундай холисона баҳо бергани туфайли Стефани Ганага бориб, хизматини кенгайтира олди. Ўрта ёшда бўлган даниялик кашшоф эр-хотин Филип ва Ида ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудга кўчиб ўтишни доимо орзу қилишган ва буни амалга ошириш йўлларини излашган. Филип шундай деб бўлишди: «Бундай имконият туғилганида, Яҳова худди бизга: “Олға!” — деб айтгандек бўлди». 2008 йили улар Ганага кўчиб ўтишди ва у ерда уч йилдан ошиқ хизмат қилишди.

Брук ва Хэнс

 Ёши 30 ларда бўлган кашшоф эр-хотин Хэнс ва Брук ҳозир АҚШда хизмат қилишяпти. 2005 йили улар «Катрина» бўронидан талафот кўрганларга ёрдам бериш ишларида қатнашишган. Кейинчалик улар халқаро қурилиш ишларида ёрдам бериш учун ариза тўлдиришди, аммо уларни таклиф қилишмади. Хэнс шундай дея эслайди: «Бир куни анжуманда нутқ эшитдик. Бу нутқда шоҳ Довудга маъбадни қуришга рухсат берилмагани ва у буни тўғри қабул қилиб, мақсадини ўзгартиргани ҳақида айтилганди. Ўша фикр маънавий мақсадларни ўзгартиришнинг ёмон жойи йўқлигини тушунишимизга ёрдам берди». (1 Сол. 17:1–4, 11, 12; 22:5–11) Брук эса шундай деб қўшиб қўйди: «Аслида, Яҳова бошқа эшикни тақиллатишимизни истаган экан».

Бошқа мамлакатларда хизмат қилган дўстлари билан юз берган қизиқарли воқеаларни эшитгач, Хэнс ва Брук чет элда кашшоф бўлиб хизмат қилиб кўрмоқчи бўлишди. 2012 йили улар Ганага боришди ва у ерда тўрт ой ичида хизмат қилиб, имо-ишора тилидаги жамоатга кўмаклашишди. Гарчи Қўшма Штатларга қайтиб боришларига тўғри келган бўлса ҳам, Ганада хизмат қилиб орттирган тажрибалари Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш қарорларини янада мустаҳкамлади. Бундан сўнг эса улар Микронезиядаги филиалнинг қурилишида ёрдам беришди.

МАҚСАД САРИ ИНТИЛИШ

Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун қандай тайёргарлик кўрдингиз? Стефани қуйидагича деди: «Мен ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилиш борасида “Қўриқчи минораси”даги мақолалар ёрдамида изланиш олиб бордим». * «Шунингдек, чет элда хизмат қилиш истагим ҳақида жамоат оқсоқоллари, туман нозири ва унинг рафиқаси билан суҳбатлашдим. Қолаверса, бундай мақсадим тўғрисида Яҳовага тез-тез ибодат қилиб турардим». Стефани доимо содда ҳаёт кечирарди ва бу унга чет элда хизмат қилиб, ўзини таъминлаши учун пул тўплашга имкон яратди.

Хэнс шундай деб бўлишди: «Биз Яҳовадан раҳбарлик сўраб, ибодат қилардик, чунки У бизни қаерга жўнатса,  ўша ерга боришни истардик. Шунингдек, ибодатларимизда режамизни амалга оширишнинг аниқ санасини ҳам айтиб ўтардик». Бу жуфтлик тўртта филиалга хат юборди. Ганадаги филиалдан хатларига ижобий жавоб олганларидан сўнг, у ерда икки ой қолиш учун сафарга отланишди. Хэнс қуйидагича қўшиб қўйди: «Ўша ердаги жамоат билан ҳамкорлик қилиш бизга шунчалик ёқдики, биз ҳатто у ерда яна қолишга қарор қилдик».

Адрия ва Жорж

Ёши 40 лар атрофида бўлган Жорж ва Адрия исмли канадалик жуфтлик Яҳова шунчаки яхши ниятларга эмас, балки яхши қарорларга барака беришини доимо ёдида сақлаган. Шу сабабли, улар мақсадларига эришиш учун қатъий қадамлар қўйишган. Бу жуфтлик Гананинг ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган бир ҳудудида хизмат қилаётган опа билан боғланиб, уларни қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олди. Бундан ташқари, улар Канада ва Ганадаги филиалларга хат ёзишди. Адрия шундай деди: «Биз ҳаётимизни янада соддалаштирмоқчи бўлдик». Бундай қарорлар туфайли улар 2004 йили Ганага кўчиб ўтишга муваффақ бўлишди.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШ

Кўчиб ўтганингиздан кейин қандай қийинчиликларга дуч келдингиз ва уларни қандай енгдингиз? Эми учун дастлабки қийинчилик — уй соғинчи эди. У қуйидагича деди: «У ерда ҳаммаси бошқача бўлган». Қизиқ, унга нима ёрдам берди? «Оила аъзоларим менга қўнғироқ қилиб, меҳнатимни қанчалик қадрлашаётганини айтишгани бу ердаги хизматимни давом эттиришга кўмаклашди. Кейинчалик оилам билан видео орқали суҳбатлашиб, бир-биримизни кўра оладиган бўлдик. Шунинг учун, уйдагиларим мендан узоқда экани унча сезилмасди». Эмининг айтишича, маҳаллий бир опа билан дўст тутиниш унга ҳар хил  урф-одатларни тушунишга ёрдам берибди. У шундай деб давом этди: «Бу опа мен учун ишончли дўст ва ҳақиқий маслакдош бўлди. Баъзида нега одамлар ўзларини ундай ёки бундай тутишганини тушунмасдим. Шунда бу опанинг ёрдами билан ўзимни қандай тутишим ва нимадан қочишим кераклигини ўргандим. Бу эса хизматимга қувонч қўшди».

Жорж ва Адриянинг сўзларига кўра, Ганага кўчиб боришганида, бошида ўзларини худди ўтмишга қайтгандек ҳис қилишган экан. «Кир ювиш машинасининг ўрнига челаклардан фойдаланардик. Овқат тайёрлашга олдингига қараганда ўн баравар кўпроқ вақт кетгандек туюларди. Лекин бир мунча вақтдан сўнг, бундай қийинчиликлар туфайли янги тажрибага эга бўлдик»,— дея бўлишди Адрия. Брук эса шундай деб айтиб берди: «Биз, кашшофлар, қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, ҳаётимиз барибир бахтли ўтади. Юз берган барча қизиқарли воқеалар бизга қадрли бўлиб қолган ширин хотираларни бахш этди».

АРЗИГУЛИК ХИЗМАТ

Нима учун бундай хизмат турини бошқаларга тавсия қилган бўлардингиз? Стефани қуйидагича айтди: «Ҳақиқатга чанқоқ ва Муқаддас Китобни ҳар куни ўрганишга тайёр бўлган одамлар яшайдиган ҳудудда ваъз қилиш жудаям қувончли! Ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларга бориб, у ерда ваъз қилиш ҳаётимда қабул қилган энг зўр қарорларимдан бири эди». 2014 йили Стефани Аронга турмушга чиқди ва ҳозир улар Ганадаги филиалда биргаликда хизмат қилишяпти.

Ёши 30 дан сал ошган германиялик Кристина исмли кашшоф шундай дейди: «Бошқа ҳудудда хизмат қилиш унутилмас тажриба эди!» Кристина Ганага кўчиб ўтишдан аввал Боливияда хизмат қилган. У қуйидагича бўлишди: «Уйдагилардан узоқда бўлган пайтларимда Яҳова доимо мен учун ёрдам манбаи бўлиб келган. У билан муносабатларим янада мустаҳкамланди. Қолаверса, мен Яҳованинг халқи орасидаги ажойиб бирликни ҳис этдим. Бу хизмат ҳаётимни бойитди». Кристина яқинда Гидеонга турмушга чиқди ва ҳозир улар биргаликда Ганада хизматларини давом эттиришяпти.

Кристина ва Гидеон

Филип ва Ида Муқаддас Китобни ўрганаётган одамлар маънан ўсишлари учун нималар қилишгани ҳақида айтиб беришди. «Биз 15 та ва ҳатто бундан-да кўпроқ одамлар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказардик, лекин уларга самаралироқ таълим бериш мақсадида тадқиқларнинг сонини 10 тагача камайтирдик». Хўш, қизиқувчилар бундан фойда олишдими? Филип шундай деб ҳикоя қилди: «Мен Майкл исмли йигит билан тадқиқ ўтардим. У ҳар куни тадқиқ қилиши мумкин эди ва шунақанги яхши тайёргарлик кўрардики, биз ҳатто «Таълимотлар» китобини бир ойда тугатдик. Бундан сўнг Майкл сувга чўммаган ваъзгўй бўлди. Илк бор хизматга чиққанида у мендан: “Менга қизиқувчилар билан тадқиқ ўтишга ёрдам бера оласизми?” — деб сўради. Буни эшитиб, оғзим очилиб қолди! Майкл учта тадқиқ бошлаганини ва уларни ўтказиш учун унга ёрдам кераклигини айтди». Қаранг-а, ўқитувчиларга эҳтиёж шунчалик каттаки, ҳатто Муқаддас Китобни ўрганаётган кишилар ҳам бошқаларга Муқаддас Китобдаги билимларни ўргатишяпти!

Ида ва Филип

Эми ваъзгўйларга эҳтиёж катта экани ҳақида қандай билиб олганини сўзлаб берди: «Ганага келганимиздан бироз вақт ўтгач, биз кичкина бир қишлоқчада ваъз қилиб, кар кишиларни излай бошладик. Қарабсизки, ўша қишлоқнинг ўзида саккизта кар одамни топдик!» Ўша пайт Эми Эрикка турмушга чиқди ва ҳозир улар биргаликда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишяпти. Улар ўша мамлакатдаги 300 тадан ошиқ кар ваъзгўй ва қизиқувчиларга ёрдам бериш ниятида имо-ишора тилидаги жамоатда хизмат қилишди. Жорж ва Адрия Ганадаги тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиш учун нима талаб қилинишини билиб олишди. Кейин уларни Гилад мактабининг 126- синфига таклиф қилишди. Улар бундан қанчалик хурсанд бўлишганини бир фараз қилинг! Бугунги кунда улар Мозамбикда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилишяпти.

УНДОВЧИ КУЧ — СЕВГИДИР!

Бошқа мамлакатлардан келиб, ўрим-йиғим ишида маҳаллий биродару опа-сингиллар билан қатнашаётган ваъзгўйларни кўриш нақадар таъсирлидир! (Юҳан. 4:35) Ганада йилнинг ҳар ҳафтасида ўртача миқдорда 120 та инсон сувга чўмади. Ганага кўчиб ўтган 17 та ваъзгўйга ўхшаб, бутун дунёдаги минглаб бошқа ваъзгўйлар ҳам Яҳовани севишгани учун бошқа ҳудудларда ўз «хоҳиши билан» хизмат қилишяпти. Улар Шоҳлик хабарчиларига эҳтиёж катта бўлган жойларда кўмаклашишяпти. Бундай ихлосли ишчилар Яҳованинг қалбини қувонтираётганлари турган гап! (Заб. 109:3; Ҳик. 27:11)

^ 9- х.б. Масалан, «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 15 апрель ва 15 декабрь сонидаги «Шоҳлик ишида фидойилик» ҳамда «Македонияга кўчишни хоҳлармидингиз?» номли мақолаларга қаранг.