Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2016

Иноят ҳақидаги хушхабарни ваъз қилинг

Иноят ҳақидаги хушхабарни ваъз қилинг

Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик берайлик. ҲАВОР. 20:24

ҚЎШИҚЛАР: 10, 25

1, 2. Ҳаворий Павлус Аллоҳнинг инояти учун миннатдор эканини қандай кўрсатган?

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС тоза виждон билан: «[Аллоҳнинг] менга кўрсатган инояти бефойда бўлмади»,— деб айта олган. (1 Коринфликларга 15:9, 10 ни ўқинг.) Илгари масиҳийларни қувғин қилгани учун, Павлус Аллоҳнинг илтифотига ўзи эришмаганини ва унга лойиқ ҳам эмаслигини яхши тушунарди.

2 Павлус ҳаётининг охирги кунларида ҳамкори Тимўтийга қуйидаги сўзларни ёзган эди: «Менга куч ато этган Ҳазратимиз Исо Масиҳдан миннатдорман, чунки у мени ишончли ҳисоблаб, хизматга тайинлади». (1 Тим. 1:12–14) Қизиқ, бу қандай хизмат бўлган экан? Ҳаворий Павлус бу хизмат нимадан иборат экани ҳақида Эфесдаги жамоатнинг оқсоқолларига шундай деганди: «Мен сира ҳам жонимни аямайман. Фақат Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик бериш учун, шу масофани югуриб ўтсам ва Ҳазрати  Исодан олган хизматимни охиригача етказиб қўйсам бас». (Ҳавор. 20:24)

3. Ҳаворий Павлусга қандай топшириқ берилганди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Қай йўсин ҳаворий Павлус ваъз қилган хушхабар Аллоҳнинг иноятини ошкор қилган? У Эфесдаги масиҳийларга: «Сизлар Тангри иноятидан фойда олишингиз учун менга масъулият юклангани тўғрисида эшитгансизлар»,— деб айтганди. (Эфес. 3:1, 2) Исо Павлусга хушхабарни ўзга халқ вакилларига ҳам ваъз қилиш топшириғини берганди. Бу туфайли улар ҳам Масиҳ томонидан бошқариладиган Шоҳликка кириш имконига эга бўлишлари мумкин эди. (Эфесликларга 3:5–8 ни ўқинг.) Павлус хизматини ғайрат ила бажариб, бугунги кундаги масиҳийларга аъло ўрнак қолдирди ва Аллоҳнинг унга кўрсатган инояти «бефойда» бўлмаганини исботлади.

АЛЛОҲНИНГ ИНОЯТИ СИЗГА ТУРТКИ БЎЛЯПТИМИ?

4, 5. Нега «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар» «Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабар» билан бир хил деб айта оламиз?

4 Ушбу охирзамонда Яҳованинг халқига «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилиш» вазифаси топширилган. (Мат. 24:14) Биз эълон қилаётган хабар, шунингдек, «Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабар» ҳамдир, негаки Шоҳлик бошқаруви остида ёғдириладиган баракаларга Яҳованинг инояти туфайли эришамиз. (Эфес. 1:3) Биз ҳам ҳар биримиз Павлусга тақлид қилган ҳолда хизматда шижоат ила қатнашиб, Яҳовага У кўрсатган инояти учун миннатдорчилик билдиряпмизми? (Римликларга 1:14–16 ни ўқинг.)

5 Осий бандалар бўлишимизга қарамай, Аллоҳнинг инояти туфайли қандай баракаларга эга бўлаётганимизни олдинги мақоладан билиб олдик. Шу сабабли, одамларга ваъз қилиб, Яҳова севгисини қай тарзда намоён этаётганини ва улар бундан фойда олишлари мумкинлигини айтиш учун қўлимиздан келганини қилишга бурчлимиз. Шундай экан, одамларга Аллоҳ иноятининг қайси жиҳатларини қадрлашга ёрдам беришимиз лозим?

ТЎЛОВ ҚУРБОНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ХУШХАБАРНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГ

6, 7. Тўлов моҳиятини одамларга тушунтирганимизда, қай йўсин Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни эълон қилган бўламиз?

6 Бугунги кунда кўплаб одамлар гуноҳ қилишганида ўзларини айбдор ҳис қилишмайди, шунинг учун улар нега инсоният тўловга муҳтож эканини тушунишмайди. Аммо шу билан бирга, кўпдан-кўп одамлар эркин ҳаёт тарзи ҳақиқий бахт олиб келмаслигига ўзлари ҳам амин бўлишяпти. Аксарият одамлар Яҳованинг Шоҳидлари билан ҳали суҳбатлашмасдан туриб, гуноҳ нима эканини, у инсониятга қандай таъсир қилишини ва гуноҳ қуллигидан озод бўлиш учун нима қилиш кераклигини англашмайди. Лекин гуноҳ нима эканини билгач, самимий инсонлар Яҳова улкан севгиси ва инояти туфайли бизни гуноҳ ва унинг асорати — ўлимдан халос этиш учун Ўғлини ер юзига юборганини билиб, таскин топишади. (1 Юҳан. 4:9, 10)

7 Яҳованинг севикли Ўғли ҳақида ҳаворий Павлус қуйидагича ёзганди: «Унинг Ўғли [Исо] ўз қони орқали тўлов бериб, бизларни озод этди. Айнан Аллоҳнинг чексиз инояти туфайли айбларимиз кечирилишига йўл очилди». (Эфес. 1:7) Масиҳнинг тўлов қурбонлиги Аллоҳ бизга кўрсатган севгисининг ёрқин исботи бўлиб, Унинг инояти қанчалик чексиз эканидан далолат беряпти. Исонинг қурбонлигига ишониш орқали  гуноҳларимиз кечирилиши ва виждонимиз покланиши мумкинлигини билиш қанчалар тасалли бахш этади-я! (Иброн. 9:14) Ростдан ҳам, хушхабар бошқалар билан бўлишишга арзигуликдир!

ОДАМЛАРГА ХУДО БИЛАН ДЎСТ БЎЛИШГА ЁРДАМ БЕРИНГ

8. Нега гуноҳкор одамлар Худо билан ярашишлари лозим?

8 Агар одам Исонинг қурбонлигига ишонч ҳосил қилмаса, Худованд уни Ўзининг душмани деб билади. Шу боис, бошқаларга ваъз қилганимизда, улар Яратувчи билан дўст бўлишлари мумкинлигини айтишга бурчлимиз. Ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзганди: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. Ўғилга итоат қилмаган кишига эса ҳаёт насиб этмайди, аксинча, у Худонинг ғазабига йўлиқади». (Юҳан. 3:36) Яхшиямки, Масиҳнинг қурбонлиги бизга Аллоҳ билан ярашиш имконини берди. Буни ҳаворий Павлус қуйидагича тасвирлаганди: «Фикр-хаёлларингиз ёмон ишларга берилгани учун сизлар қачонлардир Аллоҳдан узоқлашган ва Унга душман эдингизлар. Энди эса Тангри сизларни жисмоний танасини қурбон қилган кимсанинг ўлими орқали Ўзи билан яраштирди». (Колос. 1:21, 22)

9, 10. а) Масиҳ мойланган биродарларига қандай вазифа топширди? б) «Бошқа қўйлар» мойланган биродарларига қандай ёрдам беришяпти?

9 Масиҳ ер юзидаги мойланган биродарларига бир вазифа топширди. Уни ҳаворий Павлус «яраштириш хизмати», деб атаб, бу ҳақда биринчи асрдаги мойланганларга шундай деб ёзганди: «Буларнинг бари... Тангридандир. У бизни Масиҳ орқали Ўзи билан яраштириб, бизга яраштириш хизматини топширди. Яъни Масиҳ орқали Аллоҳ дунёни Ўзи билан яраштирди ва уларнинг айбларини ҳисобга олмади. Яраштириш ҳақидаги хабарни эса бизга ишониб топширди. Гўё Худо биз орқали инсонларга хитоб қилгандай, биз Масиҳнинг ўрнига элчилик қиляпмиз. Масиҳнинг ўрнига биз: “Тангри билан ярашиб олинглар”,— деб ёлворяпмиз». (2 Кор. 5:18–20)

10 «Бошқа қўйлар» хизматда мойланган биродарларига кўмаклашишни шараф деб билишади. (Юҳан. 10:16) Масиҳнинг элчилари сифатида улар одамларга ҳақиқатни ўргатишда ва Яҳова билан яқин муносабатларни ривожлантиришларига ёрдам беришда энг катта ҳисса қўшишяпти. Бу, Аллоҳнинг инояти тўғрисидаги хушхабарни айтиш орқали кенг шоҳидлик беришнинг муҳим бир қисмидир.

АЛЛОҲ ИБОДАТЛАРНИНГ ЭШИТГУЧИСИ ЭКАНИНИ ХАБАРЛАНГ

11, 12. Нега Яҳова ибодатларнинг эшитгучиси эканини билиш одамлар учун қувончли хабардир?

11 Аксарият одамлар ўзларини яхши ҳис қилиш ёки анъанага риоя этиш учунгина ибодат қилишади. Аслида эса, улар Худо ибодатларнинг эшитгучиси эканига унчалик ишонишмайди. Бироқ улар Яҳова «ибодатни эшитгучиси» эканини билишлари муҳим. Зотан, Ҳазрати Довуд: «Сен ибодатни эшитгучисан, Сенга келади барча банибашар. Гуноҳли ишлар мени енгмоқда, қонунсизлик айбимизни Сен ўчиргайсан»,— деб ёзган эди. (Заб. 64:3, 4, Туркия 1998)

12 Исо шогирдларига: «Менинг номимдан нимаики сўрасангиз, бажо келтираман»,— деб айтганди. (Юҳан. 14:14) Аниқки, бу оятдаги «нимаики» сўзи Яҳованинг иродасига мувофиқ бўлган ҳар қандай нарсани англатади. Ҳаворий Юҳанно бизни шундай деб ишонтиряпти: «Биз шунда аминмизки, Аллоҳга мурожаат қилиб, Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади». (1 Юҳан. 5:14) Ибодат шунчаки юпанч  ёки расм-русум эмас, балки Яҳованинг «иноят тахтига» яқинлашишнинг ажойиб йўли эканини бошқаларга ўргатиш нақадар қувончли-я!? (Иброн. 4:16) Инсонларга тўғри тарзда, керакли Зотга ва ўринли нарсалар ҳақида ибодат қилишни ўргатиб, Яҳова билан дўст бўлишларига ва кулфат пайтида тасалли топишларига кўмаклашамиз. (Заб. 4:2; 144:18)

КЕЛАЖАКДА ИНОЯТНИНГ КЎРСАТИЛИШИ

13, 14. а) Келажакда мойланганлар қандай ўзгача шарафга муяссар бўлишади? б) Мойланганлар қандай ажойиб ишда қатнашишади?

13 «Келажак замонларда» Яҳова ўзининг иноятини янада кўпроқ намоён этади. Қизиқ, қандай қилиб? Худо Масиҳ билан биргаликда осмонда шоҳлик қиладиган 144 000 мойланганларни ўзгача шарафга муяссар қилади. Бу шараф борасида Ҳаворий Павлус шундай деб ёзганди: «Шафқатга бой бўлган Худо, буюк севгисини кўрсатиб, хатоларимиз дастидан ўлган бизларни Масиҳ билан бирга тирилтирди. Сизлар иноят туфайли қутқарилгансизлар. Исо Масиҳ билан бирликда бўлган бизларни Худо тирилтириб, у билан бирга самовий маконга ўтқазиб қўйди. Токи келажак замонларда, Исо Масиҳ билан бирликда бўлган бизларга нисбатан, Унинг илтифот қилиб кўрсатган иноятининг беҳад бойлиги намоён бўлсин». (Эфес. 2:4–7)

14 Мойланганлар Масиҳ билан осмонда шоҳлик қилишганида, Аллоҳ улар учун қандай ажойиботларни тайёрлаб қўйганини ҳатто фараз қилиш қийин. (Луқо 22:28–30; Филип. 3:20, 21; 1 Юҳан. 3:2) Яҳова айниқса уларга «иноятининг беҳад бойлигини» намоён этади. Улар Масиҳнинг келини бўлиб, «Янги Қуддусни» ташкил этишади. (Ваҳ. 3:12; 17:14; 21:2, 9, 10) Улар итоаткор одамларга гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод бўлишга ва мукаммалликка эришишга ёрдам бериб, Исо билан биргаликда «халқларга шифо бахш этишда» қатнашишади. (Ваҳий 22:1, 2, 17 ни ўқинг.)

15, 16. Қай йўсин Яҳова келажакда «бошқа қўйлар»га нисбатан иноятини кўрсатади?

15 Эфесликларга 2:7 га кўра, Аллоҳнинг инояти «келажак замонларда» ҳам намоён бўлади. Шак-шубҳасизки, бу пайт келганда, ер юзида яшовчи ҳар бир киши Аллоҳ «иноятининг беҳад бойлигини» ўзида ҳис этади. (Луқо 18:29, 30) Одамлар тирилиб, «ўликлар диёридан» чиқишганида, Яҳованинг ажойиб инояти юксак даражада ўз ифодасини топади. (Аюб 14:13–15; Юҳан. 5:28, 29) Ўшанда Масиҳнинг ўлимидан олдин вафот этган садоқатли эркагу аёллар ва охирзамонда Яҳовага содиқ қолиб ҳаётдан кўз юмаётган «бошқа қўйлар» Яҳовага хизмат қилишни давом эттиришлари учун қайтадан ҳаётга эга бўлишади.

16 Худони таниб-билмай, ҳаёти билан видолашган миллионлаб инсонлар ҳам ҳаётга қайтишади. Улар Яҳовани ўз Ҳукмдори сифатида танлаш имконига эга бўлишади. Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзганди: «Мен тахт олдида турган катта-кичик ўликларни кўрдим. Шунда китоблар очилиб, ҳаёт китоби деган яна бир китоб ҳам очилганди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм қилинди. Денгиз ҳам, ўлим ҳам, мозор ҳам ўзидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши ишларига яраша ҳукм этилди». (Ваҳ. 20:12, 13) Шубҳасизки, тирилган инсонлар Муқаддас Китобдаги принципларга қандай амал қилишни ўрганишлари керак бўлади. Қолаверса, улар янги дунёда яшаш учун Яҳованинг талабларини ўзида мужассам этган «китоблар» олишади. Ўшанда тирилганлардан китоблардаги янги самарали йўл-йўриқлар бўйича ҳаёт кечириш кутилади. Бу йўл-йўриқлар орқали Яҳова яна бир бор Ўзининг иноятини ошкор қилади.

 ХУШХАБАРНИ ВАЪЗ ҚИЛИШДАН ТЎХТАМАНГ

17. Шоҳидлик бераётганимизда нимани ёдда тутишимиз лозим?

17 Охират яқинлашаётган экан, ҳозир Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни баҳам кўришнинг айни пайтидир! (Марк 13:10) Аниқ-равшанки, хушхабар Яҳованинг иноятидан далолат беради ва буни ваъз қилаётганимизда ёдда тутишимиз лозим. Ваҳоланки, хушхабарни эълон қилаётганда асосий мақсадимиз — Яҳовани шарафлашдир! Хўш, буни қандай амалга оширсак бўлади? Биз одамларга янги дунёдаги баракаларга фақатгина Яҳованинг беназир инояти туфайли эришиш мумкинлигини айтишимиз даркор.

«Тангрининг серқирра иноятининг ибратли бошқарувчилари сифатида» ғайрат ила хизмат қилинг. (1 Бутр. 4:10) (17–19- хатбошиларига қ.)

18, 19. Қандай қилиб Яҳованинг инояти учун Унга тасанно айта оламиз?

18 Шоҳидлик берганимизда, Масиҳнинг ҳукмронлиги остида одамзод тўлов қурбонлигининг фойдасини тўлалигича ҳис этишини ва бора-бора мукаммалликка эришишини тушунтиришимиз керак. Аллоҳнинг Каломида шундай сўзларни ўқиймиз: «Махлуқотнинг ўзи ҳам чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлади». (Рим. 8:21) Бунга Яҳованинг мислсиз инояти туфайлигина эришса бўлади.

19 Биз Ваҳий 21:4, 5 да ёзилган қуйидаги ажойиб ваъдани барча одамларга айтиш шарафига муяссармиз: «Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». Тахтда ўтирган Зот — Яҳова шундай дейди: «Мана, Мен ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман». Шунингдек У: «Ёзиб қўй, чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир»,— деб айтди. Бошқаларга ғайрат ила хушхабарни гапирганимизда, чиндан ҳам, Яҳованинг инояти учун Унга тасанно айтган бўламиз!