Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2016

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

«Ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлиш»

«Ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлиш»

«Агар сувга чўмсанг, сени ташлаб кетаман!» Мана шу сўзлар билан 1941 йили дадам ойимни қўрқитганди. Лекин дадамнинг бу таҳдиди ойимни ниятидан қайтармади ва ойим ўзини Тангри Яҳовага бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмди. Дадам ўз сўзида қатъий турди ва уйни тарк этди. Ўшанда мен атиги саккиз ёшда эдим.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ хушхабарга бўлган қизиқишим бундан олдинроқ уйғонганди. Ойимга Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар беришарди ва улар менга ёқарди. Айниқса, у ердаги расмлар мени ўзига жалб қиларди. Дадам ойим ўрганаётган билимларини мен билан бўлишишини истамасди. Бироқ мен қизиқувчан эдим ва кўп саволлар берардим, шунинг учун ойим, дадам уйда бўлмаганида, мен билан тадқиқ ўтказарди. Натижада, мен ҳам ҳаётимни Яҳовага бағишлашга қарор қилдим. 1943 йили, 10 ёшда бўлганимда, Англиянинг Блэкпул шаҳрида сувга чўмдим.

ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ БОШЛАШ

Ўша пайтдан буён ойим билан биргаликда ваъзгўйлик хизматида мунтазам иштирок эта бошладик. Хушхабар билан бўлишиш учун биз фонографлардан фойдаланардик. Улар баҳайбат эди ва оғирлиги нақ 4,5 килога тенг келарди. Мен кичкина бўла туриб, ўша фонографлардан бирини судраб юрганимни тасаввур қилинг!

14 ёшга тўлганимда, менда кашшофлик қилиш истаги пайдо бўлди. Ойим менга: «Биринчи навбатда имондошларга хизмат қилувчи биродар (ҳозир туман нозири деб аталади) билан учраш»,— деб айтди. Ўша биродар  менга кашшофлик хизматида ўзимни таъминлай олишим учун бирон-бир ҳунарни эгаллашни тавсия этди ва мен айнан шундай йўл тутдим. Икки йил ишлаганимдан кейин эса, кашшофлик тўғрисида бошқа бир туман нозири билан маслаҳатлашдим ва у менга: «Олға!» — деди.

Шу тариқа, 1949 йили апрелда ойим икковимиз ижарага олган уйимиздаги баъзи жиҳозларни тарқатиб, айримларини эса сотиб, Манчестер яқинидаги Миддлтон шаҳрига кўчиб ўтдик ва у ерда кашшофликни бошладик. Орадан тўрт ой ўтиб, бир биродар менга кашшофлик хизматида ҳамроҳ бўлди. Филиалдаги биродарлар бизга Эрлемда янги ташкил топган жамоатга кўчиб ўтишни таклиф қилишди. Ойим эса бошқа жамоатда бир опамиз билан кашшофлик қиларди.

Янги жамоатда тажрибали биродарлар кам бўлгани учун, ёшим 17 да бўлса ҳам, менга ва ҳамкоримга йиғилишларни олиб бориш вазифаси топширилганди. Кейинчалик менга Бакстондаги жамоатга ўтишни таклиф этишди. Бу жамоат ёрдамга муҳтож бўлган бир нечта ваъзгўйдан иборат эди. Ҳа, ёшлик чоғимдаги бу воқеалар мени бўлажак топшириқларга тайёрлади, деб ўйлайман.

1953 йили Рочестер шаҳрида одамларни оммавий нутққа таклиф қиляпман

1951 йили эса Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида таҳсил олиш учун ариза тўлдирдим. Лекин 1952 йили декабрда менга ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Шунда тўла вақтли хизматчи бўлганим учун мени ҳарбий хизматдан озод этишларини сўрадим, аммо суд илтимосимни рад этиб, 6 ой қамоқ жазосини  берди. Қамоқда бўлганимда, мени Гилад мактабининг 22- синфига таклиф қилишганини билдим. Шу сабаб, 1953 йили июлда қамоқдан озод бўлгач, «Жоржик» номли кемада Нью-Йоркка равона бўлдим.

Нью-Йоркка етиб борганимда, «Янги дунё жамияти» номли анжуманга ташриф буюришга муваффақ бўлдим. Кейин эса поездда Гилад мактаби ўтказиладиган жойга — Нью-Йоркнинг Саут-Лансинг шаҳрига бордим. Эндигина озодликка чиққаним учун, пулим унча кўп эмасди. Поезддан тушганимдан сўнг, Саут-Лансингга олиб борувчи автобусга ўтирдим. Ўшанда ҳатто автобус йўлкирасини тўлашга етарлича пулим йўқ эди, шу сабабли ёнимдаги йўловчидан қарз олиб туришга мажбур бўлдим.

ЎЗГА ҲУДУДДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ

Гилад мактаби бизга тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматида «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлишга» ёрдам берадиган ажойиб таълим тақдим этди. (1 Кор. 9:22) Учаламизни — Пауль Бруун, Реймонд Лич ва мени — Филиппинда хизмат қилишга тайинлашди. Визаларимизни олиш учун бир неча ой кутганимиздан сўнг, Роттердам, Ўрта денгиз, Сувайш канали, Ҳинд океани, Малайзия ва Гонконг орқали ўзиям 47 кун давомида кемада сафар қилдик! Ахийри, 1954 йили 19 ноябрда Манила бағрига қадам босдик.

Тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматида менга ҳамроҳ бўлган Реймонд Лич билан Филиппин томон 47 кунлик кема сафарида

У ерга етиб боргач эса, янги одамлар, янги ҳудуд ва ҳатто янги тилга мослашишимизга тўғри келди. Лекин даставвал учовимизни аҳолининг аксарияти инглиз тилида сўзлашадиган Кесон-Сити шаҳридаги жамоатга тайинлашди. Шунинг учун, ҳатто олти ой ўтгандан кейин ҳам, тагал тилида атиги бир нечта сўз билардик, холос. Аммо келгуси топшириғимиз мана шу муаммони ҳал қилишга кўмаклашди.

1955 йил май ойининг кунларидан бирида биродар Лич икковимиз ваъзгўйликдан қайтганимизда, хонамизда бир боғлам хатни кўриб қолдик. Хатларни ўқиб, бизни туман нозирлари сифатида тайинлашганини билиб олдик. Ўшанда ёшим бор-йўғи 22 да бўлишига қарамай, бу топшириқ менга янгича тарзда «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлиш» имконини берди.

Туман анжуманида бикол тилида оммавий нутқ сўзлаяпман

Масалан, туман нозири сифатида биринчи оммавий нутқимни қишлоқ дўкони олдида очиқ ҳавода сўзлаганман. Тез орада шуни тушундимки, Филиппинда нутқ ростдан ҳам оммавий ҳисобланиши учун оммавий жойда сўзланиши керак экан. Туман нозирлик хизматида турли жамоатларга ташриф буюриш чоғида шийпонларда, бозорларда, маъмурият бинолари олдида, баскетбол майдонларида, паркларда ва кўпинча шаҳар кўчаларининг бурчакларида нутқлар сўзлар эдим. Бир сафар Сан-Пабло-Ситида қуйган жала бозорда нутқимни сўзлашга халақит берди. Шу боис, масъулиятли биродарларга нутқни Йиғилиш Залида айтишни таклиф қилдим. Шунда улар бу нутқ оммавий жойда сўзланмаса, қанақасига уни оммавий ҳисоблаш мумкин, дея ҳайрон бўлишди.

Мен доимо имондошларимизнинг уйларида яшардим. Бу уйлар содда бўлса ҳам, ҳамиша озода эди. Мен ёғоч пол устидаги бўйрада (қамиш чўпидан тўқилган тўшама) ухлардим. Чўмилиш учун ягона жой — уйнинг ташқариси эди. У ерда эса ҳамма нарса кўриниб турарди, лекин шундай шароитларда ҳам, бир амаллаб чўмилиб олардим. Мен «жипни» (Филиппиндаги маршрутка) ва автобусда юрардим, баъзида эса бошқа оролларга борганимда, қайиқдан фойдаланардим. Неча йил хизмат қилган бўлсам, ҳеч қачон ўзимнинг шахсий машинам бўлмаган.

Ваъзгўйликда қатнашиш ва жамоатларга ташриф буюриш менга тагал тилини ўрганишга кўмаклашди. Бу тилни алоҳида курсларга бормай, ваъзгўйликда ва йиғилишларда имондошларни тинглаш орқали ўргандим. Улар тил ўрганишда менга жон деб ёрдам беришарди ва мен уларнинг сабр-тоқатию самимий маслаҳатларини қадрлардим.

Вақт ўтгани сайин, янги топшириқлар мени янада кўпроқ ўзгаришлар қилишга ундади. 1956 йили Нейтан Норр биродаримизнинг ташрифи пайтида мени Филиппиндаги барча ваъзгўйлар учун ташкил этилган анжуманда  жамоатчилик билан алоқа қилиш бўлимига масъул этиб тайинлашди. Бу ишда ҳали тажрибам бўлмагани боис, бошқалар бунда менга камарбасталик билан ёрдам беришди. Бир йил ўтар-ўтмас, шунга ўхшаган яна бир анжуман ташкил этилганди ва унга Бош идора вакили Фредерик Фрэнц ташриф буюрганди. Ўшанда анжуман раиси сифатида хизмат қилганимда, Фрэнц биродаримизнинг одамларга мослашишга тайёрлигидан кўп нарсани ўргандим. Маҳаллий ваъзгўйлар биродар Фрэнц филиппинларнинг миллий кийимида оммавий нутқ сўзлаганини кўриб, бениҳоя қувончга тўлишганди.

Мени вилоят нозири этиб тайинлашганида эса, янада кўпроқ ўзгаришим кераклигини тушундим. Ўша кезлари биз одамларга «Янги дунё жамиятининг бахти» номли фильмни оммавий жойларда, деярли ҳар доим очиқ ҳавода кўрсатардик. Айримда ҳашаротлар бизга ҳалал берарди. Прожектор нури уларни ўзига жалб қиларди, шунинг учун улар прожекторга кириб қоларди. Бундан сўнг прожекторни тозалаш бизга дахмаза бўларди! Ушбу тадбирларни ташкиллаштириш осон кечмасди, лекин одамлар Яҳованинг халқаро ташкилоти ҳақида ўрганиш учун келишганини кўриб, хурсанд бўлардик.

Католик руҳонийлари баъзи маҳаллий ҳокимиятларга босим ўтказиб, улардан анжуманларни олиб боришимизга рухсат бермасликларини сўрашганди. Нутқлар уларнинг черковлари яқинида сўзланганида эса, улар черков қўнғироқларини чалиб, тадбиримизни бузишга уринишарди. Аммо шунга қарамай,  ваъзгўйлик иши тўхтаб қолмади ва у ердаги кўплаб инсонлар ҳозир Яҳовага хизмат қилишяпти.

ЯНАДА КЎПРОҚ ЎЗГАРИШЛАР КИРИТИШГА ЧОРЛАГАН ВАЗИФАЛАР

1959 йили мени филиалда хизмат қилишга тайинлашгани хусусида хат олдим. У ерда хизмат қилиб, кўп тажриба орттирдим. Вақт ўтиб эса, менга минтақа нозири сифатида бошқа мамлакатларга ташриф буюриш топшириғи берилди. Сафарларимдан бирида Таиландда тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида хизмат қилган Жанэт Дюмонд билан танишиб қолдим. Биз бирмунча вақт мобайнида ёзишиб турдик ва кейинчалик турмуш қурдик. Мана 51 йилдирки, Жанэт билан бир жуфт бўлиб мароқли хизмат қилиб келмоқдамиз.

Жанэт билан Филиппиндаги ороллардан бирида

Мен, умуман олганда, 33 та мамлакатдаги Яҳованинг хизматчилари билан ҳамкорлик қилишга муяссар бўлдим. Илгариги топшириқларим менга турли-туман одамлар билан муносабат қилишда дуч келган ўзгача қийинчиликларни енгишга кўмаклашганидан ниҳоятда миннатдорман! Ушбу ташрифлар дунёқарашимни кенгайтириб, Яҳова барча инсонларни севишини тушунишимга ёрдам берди. (Ҳавор. 10:34, 35)

Ваъзгўйликда мунтазам қатнашяпмиз

ҲАНУЗГАЧА МОСЛАШУВЧАН БЎЛИШНИ ЎРГАНЯПМИЗ

Филиппиндаги имондошларимиз билан хизмат қилиш бизга қувонч бахш этади! Ҳозир Филиппиндаги ваъзгўйларнинг сони, мен бу ерда хизмат қилишни бошлаган давр билан қиёслаганда, деярли ўн баробарга ўсди. Жанэт билан мен Кесон-Ситидаги Филиппин филиалида ҳали-ҳануз биргаликда хизмат қилиб келяпмиз. Ушбу ўзга ҳудудда 60 йилдан зиёд хизмат қилиб келаётган бўлсам-да, Яҳованинг талабларига ҳозир ҳам мослашишга тайёр туришим керак, деб ўйлайман. Ташкилотимиздаги сўнгги ўзгаришлар Худога ва имондошларимизга бўлган хизматда мослашувчан бўлишимизни тақозо этади.

Шоҳидларнинг сони кўпайиши бизга доим қувонч келтиради

Биз Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилдик ва бу — энг мазмунли ҳаёт йўли эканига аминман. Бундан ташқари, имондошларимизга фойдамиз тегиши учун мослашувчан бўлишга ҳам интилдик. Ҳа, Яҳова қанча истаса, шунча «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўлишга» қатъий қарор қилдик!

Кесон-Ситидаги филиалда ҳанузгача биргаликда хизмат қилиб келяпмиз