Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2016

Тасаввур қилиш қобилиятидан оқилона фойдаланяпсизми?

Тасаввур қилиш қобилиятидан оқилона фойдаланяпсизми?

ҚИЗИҚ, вазни бор-йўғи 1,4 килограммга тенг бўлган ҳамда «дунёда энг кам ўрганилган ва энг мураккаб нарса», деб нимани айтишар экан? Бу, инсон миясидир. Буни билиш чиндан ҳам инсонни ҳайратга солади, шундай эмасми?! Инсон миясини ўрганганимиз сайин, бундай «ажойиб» ижодлари учун Яҳовага нисбатан миннатдорчилигимиз ошаверади. (Заб. 138:14) Келинг, миямизнинг асосий хусусиятларидан атиги биттасини — тасаввур қилиш қобилиятини кўриб чиқайлик. Тасаввур қилиш бу нима? Бир луғатда бу, «сиз учун янги ва қизиқарли бўлган ёки сиз билан юз бермаган нарсаларни хаёлингизда гавдалантириш қобилияти», деб айтилган. Шундай экан, сиз бу қобилиятдан тез-тез фойдаланиб турасиз, деган фикрга қўшилсангиз керак? Айтайлик, ҳали бормаган жойингиз ҳақида ўқиган ё эшитган бўлишингиз мумкин. Шубҳасизки, ўша жойни фараз қилишингизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаган. Дарҳақиқат, ҳали кўрмаган, эшитмаган, татимаган, ушлаб ёки ҳидлаб кўрмаган нарса тўғрисида ўйлаганимизда, тасаввуримиз ёрдамга келади.

Муқаддас Китобга кўра, Худо одамларни Ўз суратидай қилиб яратди. (Ибт. 1:26, 27) Демак, хулоса қилсак бўладики, Яҳова ҳам фараз қилиш қобилиятига эга. У бизни шундай яратишга лойиқ деб билган экан, бу қобилиятдан Унинг иродасини англаш мақсадида фойдаланишимизни кутади. (Воиз 3:11) Бу учун тасаввур қилиш қобилиятидан қандай фойдалансак бўлади ва бу қобилиятни нодонларча қўллашдан қай йўсин қочишимиз керак?

ТАСАВВУР ҚИЛИШ ҚОБИЛИЯТИДАН НОДОНЛАРЧА ФОЙДАЛАНИШ

1) Ноўрин пайтда ёки нотўғри нарсаларни орзу қилиш.

Халқимизда: «Орзуга айб йўқ»,— дейишади. Ҳа, орзу қилиш чиндан ҳам фойдали бўлиши мумкин. Воиз 3:1 да: «Ҳар бир ишнинг ўз вақти бор»,— деб ёзилган экан, баъзи ишларга ноўрин пайтда чалғиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Масалан, агар жамоат учрашувлари ёки шахсий тадқиқ пайтида хаёлимиз бошқа жойга кетиб қолишига йўл қўйсак, тасаввур қилиш қобилияти бизга ёрдам эмас, халақит беради. Онгимизда ахлоқсиз орзу-хаёллар каби ёмон фикрлар пайдо бўлишига йўл қўйиш аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида Исо огоҳлантирганди. (Мат. 5:28) Хаёлимизга келтиришимиз мумкин бўлган баъзи нарсалар Яҳовани қаттиқ ранжитади. Ахлоқсиз орзу-хаёллар беҳаё хатти-ҳаракатларга етакловчи илк қадамдир. Шундай экан, фараз қилиш қобилияти сизни Яҳовадан узоқлаштиришига сира йўл қўйманг!

2) Моддий нарсалар умрбод фаровонлик келтиради, деб ўйлаш.

Моддий нарсалар керакли ва фойдалидир. Лекин агар улар туфайли ҳақиқий бахт ва фаровонликка эришамиз, деб ўйлашни бошласак, ҳафсаламиз пир бўлиши аниқ. Доно шоҳ Сулаймон: «Бойнинг бойлиги қалъасидир, унинг назарида шаҳарнинг баланд девори»,— деб ёзган эди. (Ҳик. 18:11) Келинг, 2009 йил  сентябрь ойида жала қўйгани оқибатида Филиппин пойтахти Манила шаҳрининг 80 фоиздан ошиқ ҳудудини сув босганида нима бўлганини кўриб чиқайлик. Мол-дунёга эга бўлганлар ўшанда қочиб қутула олишдими? Мулкининг каттагина қисмидан маҳрум бўлган бир бой киши шундай деди: «Сув тошқини ҳеч кимни аямади, қийинчилигу азоблар бою камбағалнинг бошига бирдек тушди». Моддий нарсалар инсон учун ҳимоя бўлиб, фаровонлик келтиради, деган фикрга келишимиз мумкин. Аслида эса, бундай эмас.

3) Ҳеч қачон юз бермаслиги мумкин бўлган нарсалар ҳақида ортиқча ташвишланиш.

Исо ортиқча «ташвишланмаслик» ҳақида маслаҳат берганди. (Мат. 6:34) Ҳар доим ташвишланиб юриш тасаввур қилиш қобилиятимизни ишга солишни талаб қилади. Ҳали юзага чиқмаган ёки ҳеч қачон юз бермайдиган муаммолар ҳақида ўйлаб, кўп кучимизни кеткизишимиз мумкин. Муқаддас Ёзувларда бундай ташвишлар одамни эзиб, ҳатто депрессияга олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтилган. (Ҳик. 12:25) Ҳа, ҳар бир куннинг ўзига яраша муаммолари борлиги сабаб, эртанги кун учун ортиқча ташвишланмаслик кераклиги тўғрисида Исонинг маслаҳатига амал қилиш қанчалик муҳим-а?!

ТАСАВВУР ҚИЛИШ ҚОБИЛИЯТИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ

1) Хавфли вазиятларни олдиндан кўра билиб, улардан қочиш.

Муқаддас Китоб бизни эс-ҳушли бўлишга ва муайян вазият тўғрисида олдиндан ўйлаб кўришга чорлайди. (Ҳик. 22:3) Қарор чиқаришдан олдин тасаввур қилиш қобилиятимизни ишга солиб, юзага чиқиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида ўйлаб кўрсак, яхши бўларди. Масалан, сизни ўтиришга таклиф қилишса, у ерга бориш-бормасликни ҳал қилишда фараз қилиш қобилияти сизга қандай ёрдам бериши мумкин? Ўтиришга ким таклиф қилингани, қанча одам келиши, қаерда ва қачон бўлиши каби омилларни инобатга олиб: «Ўзи қанақа ўтириш бўлади?» — деган савол устида ҳам мулоҳаза юритиб кўринг. Шунда хаёлингизга нима келади? Муқаддас Китоб принципларига асосланиб уюштирилган ўтиришми? Бундай мулоҳаза ўша ўтиришни хаёлингизда гавдалантиришга кўмаклашади. Қарор чиқаришда фараз қилиш қобилиятидан фойдаланиш, маънавийлигингизга зарар етказадиган вазиятлардан қочишга ёрдам беради.

2) Қийин муаммоларни қандай ечиш мумкинлигини машқ қилиш.

Тасаввур қилиш бу, шунингдек, «муаммога қарши курашиб, уни енгиш қобилиятидир». Фараз қилинг, имондошингиз билан орангизда тушунмовчилик бўлди. У билан муносабатларни тиклаш учун нима қиласиз? Бу масалани ҳар томонлама кўриб чиқиш керак. Мисол  учун, унинг гапириш услуби қанақа? Муаммо ҳақида гаплашиш учун қайси пайт энг қулай бўлади? Қайси сўзларни ва қандай оҳангда гапириш керак бўлади? Тасаввур қилиш қобилияти ёрдамида муаммони ечишнинг турли йўлларини хаёлан машқ қилиб, улардан энг самаралисини танлашингиз мумкин. (Ҳик. 15:28) Қийин вазиятни ечишга мулоҳаза ила ёндашиш жамоатдаги тинчликни сақлашга ёрдам беради. Бундай йўл тутиб, тасаввур қилиш қобилиятидан оқилона фойдаланган бўламиз.

3) Муқаддас Китобни шахсан ўқиш ва тадқиқ қилишни яхшилаш.

Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш муҳимдир. Лекин бу, маълумотни шунчаки ўқиб чиқишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Биз Муқаддас Китобдаги баёнотлардан сабоқлар олиб, уларга амал қилишимиз даркор. Муқаддас Китобни ўқиш орқали Яҳованинг ишларига бўлган миннатдорчилигимизни ошира оламиз. Тасаввур қилиш қобилияти бизга бунда ёрдам бериши мумкин. Қандай қилиб? Масалан, «Қўриқчи минораси»да чоп этилган «Имонларига эргашинглар» туркумидаги мақолаларни кўриб чиқса бўлади. Шу мақолалардаги баёнотларни ўқиётганимизда, жойларни ва Муқаддас Китобдаги ҳар бир қаҳрамоннинг яшаш тарзини кўз олдимизга келтирсак, фараз қилиш қобилиятимизни ишга солган бўламиз. Бу эса, Муқаддас Китобда айтилган жойларни хаёлимизда гавдалантиришга, товушларни эшитишга, ҳидларни сезишга ва қаҳрамонларнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ёрдам беради. Натижада, Муқаддас Китобдаги ҳатто бизга яхши таниш бўлган парчалардан ажойиб ўрнаклар ва далда оламиз. Ростдан ҳам, тасаввур қилиш қобилиятидан бундай тарзда фойдаланиш Муқаддас Китобни шахсан ўқиш ва тадқиқ қилишни бойитади.

4) Ҳамдардликни ривожлантириб, намоён этиш.

Кимсанинг дардини ич-ичимиздан ҳис қилиш каби гўзал фазилат ҳамдардлик, деб юритилади. Яҳова ҳамда Исо ҳамдардликни кўрсатишгани учун биз ҳам уларга тақлид қилсак, оқилона бўлади. (Чиқ. 3:7; Заб. 71:13) Қандай қилиб бу фазилатни ривожлантиришимиз мумкин? Уни ривожлантиришнинг энг самарали йўлларидан бири — тасаввур қилиш қобилиятидан фойдаланишдир. Биз имондошимиз бошдан кечирган муаммога ҳеч қачон дуч келмаган бўлишимиз мумкин. Аммо бунга қарамай, ўзимиздан шундай деб сўрасак бўлади: «Бу вазиятга тушганимда, ўзимни қандай ҳис қилардим? Нимага муҳтож бўлардим?» Бу саволларга жавоб топиш учун тасаввур қилиш қобилиятимизни ишга солсак, ҳамдардлироқ бўла оламиз. Ҳа, агар хизматда ва бошқа масиҳийлар билан бўлган муносабатда ҳамдардликни намоён этсак, бу, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига ижобий таъсир ўтказади.

5) Янги дунёда бўладиган ҳаётни фараз қилиш.

Муқаддас Ёзувларда, Аллоҳ ваъда қилган янги дунёда ҳаёт қандай бўлишини тасвирлайдиган ёрқин тафсилотлар талайгина. (Ишаё 35:5–7; 65:21–25; Ваҳ. 21:3, 4) Адабиётларимизда бу тафсилотларга қўшимча қилиб кўплаб чиройли расмлар ҳам келтирилади. Нима деб ўйлайсиз, нега? Сабаби, расмлар тасаввуримизни уйғотиб, ваъда қилинган баракаларга эришганимизни фараз қилишга ёрдам беради. Тасаввур қилиш қобилиятини бизга ато этган Яҳова бу қобилият қанчалик таъсирли эканини ҳаммадан ҳам яхшироқ билади. Агар бу ваъдалар устида мулоҳаза юритишда тасаввуримизни қўлласак, улар албатта амалга ошишига ишончимиз комил бўлади ва ҳатто қийинчиликлар пайтида ҳам Худога содиқ қола оламиз.

Яҳова бизга фараз қилиш каби ажойиб қобилиятни севги ила тақдим этган. Бу қобилият Унга астойдил хизмат қилишимизга ёрдам бера олади. Шунинг учун келинг, кундалик ҳаётимизда бу ўзгача ҳадядан оқилона фойдаланиб, уни ато этган Шахсга миннатдорчилигимизни билдирайлик!