Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2016

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Собиқ роҳибалар ҳақ йўлни топишди

Собиқ роҳибалар ҳақ йўлни топишди

«БЎЛДИ, менга гапирманг»,— деб бақирди синглим Арасели. «Динингиз ҳақида бошқа ҳеч нарса эшитмоқчи эмасман. Гапларингиз жонимга тегди. Сиздан нафратланаман!» Ҳозир 91 ёшга кирган бўлсам-да, ўша сўзларни эшитиш менга қанчалик оғир бўлгани ҳалиям эсимда. Лекин Воиз 7:8 да ёзилганидек, «ҳамма нарсанинг охири — бошидан... яхшироқдир», ва бу бизнинг вазиятимизда ҳам шундай бўлиб чиқди. (Фелисия)

Фелисия. Мен художўй оилада туғилганман. Қариндошларимнинг ўн учтасидан баъзилари руҳоний, айримлари эса черков хизматчилари бўлишган. Католик мактабида дарс берган ва руҳоний бўлган ойимнинг холаваччасини Рим папаси Иоанн Павел II ҳатто авлиёлар қаторига киритишни тавсия қилган. Оиламиз оддий бўлган: дадам темирчи эди, ойим эса далада ишларди. Мен саккизта фарзанднинг каттаси эдим.

Ўн икки ёшда бўлганимда, Испанияда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Дадамнинг сиёсий қарашлари ҳукуматникидан фарқ қилгани учун уни урушдан сўнг ҳибсга олишди. Ойимга ҳаммамизни боқиш осон бўлмаган. Шунинг учун, дугонаси унга учта синглимни: Арасели, Лаури ва Рамонини Бильбаодаги (Испания) аёллар монастирига жўнатишни таклиф қилганди. Ҳеч бўлмаса, у ерда сингилларим қорни тўқ бўлиб юришарди.

Арасели. Ўшанда биз атиги 14, 12 ва 10 ёшда эдик. Биз оиламиздагиларни жудаям соғинардик. Бильбаода ишимиз тозалашдан иборат эди. Икки йилдан кейин эса роҳибалар бизни қарияларга ғамхўрлик қилувчи катта монастирга, Сарагоса шаҳрига кўчиришди. У ерда биз ошхонани тозалардик ва бу бизни роса чарчатарди.

Фелисия. Сингилларимни Сарагосага юборишганида, ойим ва маҳаллий руҳоний бўлган тоғам мени ҳам ўша монастирга жўнатишга қарор қилишди. Бу билан улар, мени ёқтириб қолган маҳалламиздаги бир боладан узоқлаштирмоқчи бўлишди. Худони севганим учун оз вақт бўлса ҳам монастирда яшашни орзу қилардим. Мен ҳар куни мессага (махсус диний маросим) борардим ва  Африкадаги холаваччамга ўхшаб, миссионер бўлишни хоҳлардим.

Испаниянинг Сарагоса шаҳридаги монастирь (чап томонда) Муқаддас Китобнинг Накар-Колунга таржимаси (ўнг томонда)

Бошқа мамлакатларда ҳам Худога хизмат қилиш орзуимга эришишим учун, роҳибалар ҳеч қандай ёрдам беришмади ва мен ўзимни монастирда қамалгандай ҳис этардим. Шундай қилиб, бир йилдан кейин мен уйга қайтдим ва руҳоний бўлган тоғамга ғамхўрлик қилишни бошладим. Уй ишларини бажаришдан ташқари, оқшомлари тоғам билан тасбеҳ ўгириб, ибодат қилардим. Шунингдек, менга черковдаги гулларга қараш, Биби Марям ва «авлиёларнинг» ҳайкалчаларини ясантириш ёқарди.

Арасели. Шу орада монастирдаги ҳаётимиз ўзгарди. Мен монастирда биринчи қасамёдимни қабул қилганимдан кейин роҳибалар бизни, яъни опа-сингилларни ажратиб қўйишга қарор қилишди. Рамонини Сарагосада қолдиришди, Лаурини Валенсияга, мени эса Мадридга жўнатишди. У ердаги монастирда мен иккинчи қасамёдимни қабул қилдим. Мадриддаги монастирда талабалар, қариялар ва ташриф буюрган бошқа одамлар учун ҳам хоналар бериларди. Шунга у ерда қилинадиган иш талайгина эди. Мен монастирь касалхонасида ишлардим.

Ростини айтсам, роҳибанинг ҳаёти мазмунлироқ бўлади ва монастирда Муқаддас Китобни ўқиб, тадқиқ қиламиз, деб ўйлагандим. Лекин ҳеч ким Худо ва Исо ҳақида гапирмасди. Қолаверса, Аллоҳнинг Каломидан ҳам фойдаланмасдик. Мен лотин тилини оз-моз ўргандим ва «авлиёларнинг» ҳаёти билан танишиб чиқиб, Биби Марямга сажда қилиб юрардим. Аммо вақтимизнинг кўп қисми машаққатли меҳнатга кетарди.

Шунда юрагим така-пука бўлиб кетди ва мен бориб, аёллар монастирининг бошлиғига мурожаат қилдим. Мен унга оилам ёрдамимга муҳтож бўлган бир пайтда тер тўкиб, бошқаларнинг чўнтаги учун ишламоқчи эмаслигимни айтдим. Фикрлаш тарзимни ўзгартириш ва монастирни тарк этишдан тўхтатиш умидида у мени ҳужрага қамаб қўйди.

Роҳибалар мени ҳужрадан чиқаришди. Бироқ фикримдан қайтмаганимни кўриб, мени яна ҳужрага қамашди. Бундай ҳол уч марта такрорлангач, агар мен: «Худодан кўра, Шайтонга кўпроқ хизмат қилмоқчиман. Шунинг учун монастирни тарк этяпман»,— деб ёзсам, кетишим мумкинлигини айтишди. Бу мени эсанкиратиб қўйди ва гарчи монастирдан кетишга тайёр бўлсам ҳам, бундай сўзларни асло ёза олмасдим. Охири, руҳоний билан гаплашмоқчи эканимни айтиб, бўлиб ўтган ҳамма нарсани унга гапириб бердим. У мени Сарагосадаги монастирга юбориш учун епископдан (христианлар черковида олий диний унвонга эга бўлган шахс) рухсат олди. Бир неча ойдан кейин кетишимга ижозат беришди. Кўп ўтмай, Лаури ва Рамони ҳам монастирни тарк этишди.

 «ТАҚИҚЛАНГАН» КИТОБ БИЗНИ АЖРАТИБ ҚЎЙДИ

Фелисия

Фелисия. Вақт ўтиб, турмушга чиқдим ва биз Кантабрияга кўчиб ўтдик. Мен мессага мунтазам бориб турардим ва бир якшанба эълон эшитдим. Руҳоний жаҳл билан: «Мана бу китобга қаранглар!» — деб бақирди ва «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» номли китобни кўрсатиб, шундай деб давом этди: «Агар кимдир сизларга бу китобни берса, уни менга беринглар ёки ташлаб юборинглар».

Менда у китоб йўқ эди, шу боис, унга эга бўлиш истагим пайдо бўлди. Бир неча кундан кейин иккита Яҳованинг Шоҳиди эшигимизни тақиллатди ва менга ўша «тақиқланган» китобни таклиф қилишди. Шу кечасиёқ мен уни ўқиб чиқдим ва улар яна келишганда, Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлдим.

«Тақиқланган» китоб

Ҳақиқат қалбимга таъсир қила бошлади. Яҳовани таниб-билганим сайин, уни қаттиқ севишни бошладим ва ҳар бир инсонга У ҳақда айтгим келарди. Мен 1973 йили сувга чўмдим. Гарчанд оилам билан ҳақиқатни бўлишиш учун унча кўп имкониятларим бўлмаса-да, қўлимдан келганча ҳаракат қилардим. Бошида айтганимдек, оиладагиларим, айниқса синглим Арасели, менга қаттиқ қаршилик кўрсатишарди.

Арасели. Монастирдаги ёмон муносабат мени бағритош қилиб қўйди. Лекин шунга қарамай, ҳар якшанба мессага бориб турардим ва кунда тасбеҳ ўгириб, ибодат қилардим. Мен Муқаддас Китобни тушунишни ҳалиям хоҳлардим. Шунинг учун, Худодан менга ёрдам беришини сўрардим. Фелисия опам менга янги эътиқоди тўғрисида гапирганида, унинг жўшқинлигини кўриб, ақлдан озибди, деган хаёлга келдим. Мен унинг гаплари билан умуман рози эмасдим.

Арасели

Бир неча йилдан сўнг мен ишлашга Мадридга қайтдим ва турмушга чиқдим. Вақт ўтгач, ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолдим. Мессага мунтазам келадиганлар аслида Исонинг таълимотлари бўйича ҳаёт кечирмаслигини тушундим ва черковга қатнамай қўйдим. Мен «авлиёлар»га, дўзах борлигига ва айнан руҳонийлар гуноҳларни кечира олишига бошқа ишонмасдим. Мен ҳатто ҳамма санамлардан халос бўлдим. Шунда мен: «Ўзи тўғри қиляпманми?» — деб шубҳаланиб, тушкунликка тушдим ва Худога: «Сени  таниб-билмоқчиман. Илтимос, ёрдам бер!» — деб илтижо қилардим. Лекин Яҳованинг Шоҳидлари бир неча марта уйимга келишганларида, мен ҳеч қачон эшикни очмаганман, чунки ҳеч қайси динга ишонмасдим.

1980 йилларнинг бошида Франция ва Испанияда яшовчи сингилларим Лаури ҳамда Рамони Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлашганди. Улар ҳам Фелисия каби йўлдан адашган, деб ўйлардим. Кейинчалик мен Анжелинас исмли қўшнимни учратдим ва биз у билан яқин дугона бўлиб қолдик. У ҳам Яҳованинг Шоҳиди эди. Анжелинас ва унинг турмуш ўртоғи менга кўп марта Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилишганди. Гарчи мени дин қизиқтирмайди, деб айтсам-да, аслида Муқаддас Китобдаги билимларга чанқоқ эканимни улар сезишарди. Охир-оқибат, мен уларга: «Майли, тадқиққа розиман. Фақат ўзимнинг Муқаддас Китобимдан фойдаланаман»,— дедим. Ўшанда менда Муқаддас Китобнинг Накар-Колунга таржимаси бор эди.

МУҚАДДАС КИТОБ БИЗНИ АХИЙРИ БИРЛАШТИРДИ

Фелисия. 1973 йили сувга чўмганимда, Кантабрия (Испания) провинциясининг маъмурий маркази бўлмиш Сантандерда тахминан 70 та Яҳованинг Шоҳиди бор эди. Ўша провинциянинг юзлаб қишлоқларида ваъз қилиш учун узоқ йўл босиб ўтишга тўғри келарди. Шунга қишлоқдан қишлоққача аввал автобусда, кейин эса машинада етиб борардик.

Йиллар давомида мен кўп одамлар билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказдим ва улардан 11 таси сувга чўмди. Уларнинг аксарияти католик бўлгани учун, уларга нисбатан сабрли бўлишим керак эди. Чунки менга ўхшаб, улар ҳам ишонган нарсалари нотўғри эканини тушунишлари учун вақт талаб этиларди. Мен билардимки, фақатгина Муқаддас Китоб ва Яҳованинг руҳи инсоннинг нуқтаи назарини ўзгартиришга ва ҳақиқатнинг мағзини чақишга ёрдам бера олади. (Иброн. 4:12) Илгари полициячи бўлган турмуш ўртоғим Биенвенидо 1979 йили сувга чўмди, ойим эса ўлимидан сал олдин тадқиқни бошлади.

Арасели. Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганимда, уларга унча ишонмасдим. Вақт ўтгач эса, ўзгара бошладим. Яҳованинг Шоҳидлари нимаики ваъз қилишса, шуни амалда қўллашлари мени қойил қолдирганди. Шубҳа-гумонлар ўрнини ишонч эгаллаб, ўзимни анча бахтлироқ ҳис қиладиган бўлдим. Ҳатто баъзи қўшниларим менга: «Арасели, танлаган йўлингиздан қайтманг!» — деб айтишди.

«Яҳова, мендан юз ўгирмай, излаган нарсамни — Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни топишга шунча кўп имкониятлар берганинг учун раҳмат»,— деб ибодат қилганим ҳамон эсимда. Шунингдек, Фелисия опамнинг дилини ранжитиб айтган гапларим учун ундан кечирим сўрадим. Энди у билан баҳслашмай, биргаликда Муқаддас Китобни муҳокама қилишдан завқ оляпмиз. Мен 1989 йили 61 ёшимда сувга чўмдим.

Фелисия. Ҳозир 91 ёшдаман. Эрим вафот этган ва менинг илгаригидек кучим йўқ. Лекин ҳалигача Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, соғлигим йўл қўйганида йиғилишларга боряпман ва қўлимдан келганича хизматда қатнашяпман.

Арасели. Эҳтимол ўтмишда роҳиба бўлганим учун, хизматда учрайдиган барча руҳонийлару роҳибаларга ваъз қилишни яхши кўраман. Мен уларга кўп адабиётлар қолдирганман ва улар билан қизиқарли суҳбатлар қурганмиз. Бир руҳоний билан бир неча марта гаплашганимиздан кейин у менга шундай деди: «Арасели, гапингда жон бор, аммо шу ёшимда қаерга ҳам борардим? Черковга қатнайдиганлар ва оиладагиларим нима дейди?» Мен эса: «Худо-чи, Худо нима дейди?» — деб сўрадим. У хафаҳол қиёфада гапларимга қўшилди, аммо ҳақиқатни излашда давом этишга журъат этмади.

Ҳаётимда ўзгача бир воқеа бўлган. Ўшанда эрим илк бор мен билан йиғилишга бормоқчи эканини айтганди. Шунда у 80 ёшдан ошган бўлса ҳам, ҳеч қачон йиғилишларни қолдирмаганди. У Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, сувга чўммаган ваъзгўй бўлди. Турмуш ўртоғим билан хизматга чиққан дамларимиз — унутилмас хотиралардир. У сувга чўмишидан икки ой олдин ҳаётдан кўз юмди.

Фелисия. Аввал менга қаршилик кўрсатган учта синглим ҳозир имондошларим бўлганидан жудаям бахтиёрман. Суюкли Худойимиз Яҳова ва Унинг Каломи ҳақида гаплашиб, бирга вақт ўтказиш бизга завқ келтиради! Ахийри, сингилларим билан ҳақ йўлни топдик! *

^ 29- х.б. 87, 91 ва 83 ёшга кирган Арасели, Фелисия ва Рамони бугунги кунгача Яҳовага ғайрат ила хизмат қилиб келишяпти. Лаури охиригача Яҳовага содиқ бўлиб, 1990 йилда оламдан ўтди.