Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2016

Бўлинган дунёда бетараф бўлинг!

Бўлинган дунёда бетараф бўлинг!

Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар. МАТ. 22:21

ҚЎШИҚЛАР: 33, 137

1. Қандай қилиб биз ҳам Худога, ҳам инсоний ҳукуматларга бўйсуна оламиз?

АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИДА биз инсоний ҳукуматларга итоатли бўлишимиздан ташқари, одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз кераклиги ҳақида ҳам айтилган. (Ҳавор. 5:29; Титус. 3:1) Бу қандайдир зиддиятми? Йўқ албатта! Ўз вақтида Исо бу амрларни тушунишимизга ва уларга бўйсунишимизга ёрдам берадиган қуйидаги принципни тушунтириб ўтганди: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар». (Мат. 22:21) Исонинг ушбу йўл-йўриғига қандай амал қиляпмиз? Қонунларга риоя қилиш, давлат ходимларига ҳурмат кўрсатиш ва солиқларни тўлаш орқали ҳукмрон ҳокимиятга бўйсуняпмиз. (Рим. 13:7) Лекин ҳукумат бизни Худога бўйсунмасликка ундаса, биз ҳурмат ила бундан бош тортамиз.

2. Сиёсий ишларда бетарафлигимизни қандай кўрсатяпмиз?

2 Дунёнинг сиёсий ишларида бетарафликни сақлаб, Худонинг ҳаққини Худога беряпмиз. (Ишаё 2:4) Шундай қилиб биз, Яҳова бор бўлишига йўл қўйган ҳокимиятларга қаршилик кўрсатмаймиз ва миллатчилик ёки ватанпарварлик билан боғлиқ ҳеч қандай фаолиятни олға сурмаймиз. (Рим. 13:1, 2) Биз ташвиқот ишларини олиб бормаймиз, сайловларда овоз бермаймиз,  сайланиш учун ўз номзодимизни қўймаймиз ёки ҳукуматларни ўзгартиришга ҳам ҳаракат қилмаймиз.

3. Нега бетарафликни сақлашимиз муҳим?

3 Муқаддас Китобда Аллоҳ нима учун бетараф қолишимизни талаб қилаётганининг бир нечта сабаби келтирилган. Масалан, бу «дунёга тегишли» бўлмай, сиёсатга аралашмай ва урушларда қатнашмай, Худонинг Ўғли бўлмиш Исо Масиҳнинг таълимотларига амал қилиб, ўрнагига эргашяпмиз. (Юҳан. 6:15; 17:16) Худо Шоҳлигининг содиқ фуқаролари бўлиш учун бетарафликни сақлашимиз муҳим. Акс ҳолда, инсониятнинг муаммоларини фақатгина Аллоҳнинг Шоҳлиги еча олиши ҳақидаги хушхабарни пок виждон билан ваъз қила олмаймиз. Қолаверса, сохта диндагилар сиёсатга аралашиш орқали ўз тарафдорларини бир-биридан ажратишаётган бир пайтда, биз бетарафликни сақлаётганимиз учун бутун дунёдаги имондошларимиз билан якдилмиз. (1 Бутр. 2:17)

4. а) Бетарафликни сақлаш янада қийин бўлишини қаердан биламиз? б) Нега бетараф бўлиш учун ўзимизни ҳозирдан тайёрлашимиз лозим?

4 Эҳтимол, биз яшаётган жой сиёсий жиҳатдан тинч бўлиб, ҳақ топинишга деярли қаршилик кўрсатилмаётгандир. Бироқ Шайтоннинг дунёси ўз якунига етаётган экан, бетарафликни сақлаш янада қийинлашади. Бу дунё «муросасиз» ва «ўзбошимча» одамлар билан тўлиб-тошгани сайин, янада бўлиниб бораверади. (2 Тим. 3:3, 4) Баъзи мамлакатларда сиёсий ҳаволар тезда ўзгаргани боис, биродарларимиз бетарафлик билан боғлиқ кутилмаган қийинчиликларга дуч келишди. Шу сабабли, ҳозир бетарафликни сақлашда қатъий туришнинг айни пайтидир. Агар қийин вазиятга тушишимизни кутсак, ўшанда ён бериб, бетарафликни намоён эта олмаймиз. Хўш, бўлинган дунёда бетараф бўлиш учун ўзимизни қандай тайёрлашимиз мумкин? Келинг, бунда ёрдам берадиган тўртта омилни кўриб чиқайлик.

ҲУКУМАТЛАРГА ЯҲОВА КАБИ НУҚТАИ НАЗАРДА БЎЛИНГ

5. Яҳова инсоний ҳукуматлар ҳақида қандай фикрда?

5 Бетарафликни сақлашга ёрдам берадиган биринчи омил — ҳукуматларга Яҳова каби нуқтаи назарда бўлишдир. Гарчи баъзи ҳукуматлар адолатли бўлиб кўринса-да, инсонлар бир-бирининг устидан бошқариш ғояси Яҳованинг ниятига асло кирмаган эди. (Ерм. 10:23) Инсоний ҳукуматлар миллатчиликни олға суришяпти. Бу эса, одамларни бир-биридан ажратиб қўйяпти. Ҳатто энг зўр давлат арбоблари ҳам барча муаммоларни ечишга ожиз. Шунингдек, инсоний ҳукуматлар 1914 йилдан бери бошқаришни бошлаган Худонинг Шоҳлигига душман бўлиб қолишди. Яқинда бу Шоҳлик барча ҳукуматларни йўқ қилади. (Забур 2:2, 7–9 ни ўқинг.)

6. Ҳокимиятга эга бўлган шахсларга қандай муносабатда бўлишимиз лозим?

6 Аллоҳ ҳукуматлар бошқаришларига йўл қўйяпти. Негаки, улар муайян даражада тинчлик ва тартиб бўлишига ғамхўрлик қилишяпти. Бу эса, бизга Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишга кўмаклашяпти. (Рим. 13:3, 4) Тинчликда топинишимиз учун Худо бизни юқори мавқега эга бўлганлар учун ибодат қилишга чорламоқда. (1 Тим. 2:1, 2) Агар биз билан адолатсизларча йўл тутишса, ҳаворий Павлус каби ҳукуматга мурожаат қилиб, ёрдам сўрашимиз мумкин. (Ҳавор. 25:11) Гарчанд Муқаддас Китобда Худонинг душмани Шайтон ҳукуматлар устидан бошқараётгани ҳақида айтилса ҳам, бу, ҳокимиятга эга бўлган ҳар бир кишини Шайтон назорат қилаётганини англатмайди. (Луқо 4:5, 6) Шундай экан, мансабга эга бўлган муайян бир шахсни Иблис бошқаряпти, деган фикрдан қочишимиз лозим. Зеро, Аллоҳнинг Каломида: «Ҳеч кимни ҳақорат этмасинлар»,— деб ёзилган. (Титус. 3:1, 2)

7. Қандай нуқтаи назардан қочишимиз керак?

7 Агар қайсидир сиёсатчининг ёки сиёсий партиянинг ғоялари бизга фойда келтираётгани  учун уларни қўллаб-қувватлаб, бошқаларидан устун қўйсак, Худога итоатсизлик қилган бўламиз. Бу масалада бетарафлигимиз қандай синалиши мумкин? Тасаввур қилинг, одамлар ўзларига, жумладан, Яҳованинг Шоҳидларига ҳам, кўп азоб келтираётган ҳукуматга қарши исён кўтаришди. Албатта, биз уларга қўшилмаймиз, аммо исёнчилар тўғри йўлда ва муваффақият қозонишади, деган фикр хаёлимиздан ўтадими? (Эфес. 2:2) Демак, биз нафақат сўзларимизу ишларда, балки юрагимизда ҳам бетараф бўлишимиз даркор.

«ЭҲТИЁТКОР» ВА «БЕҒУБОР» БЎЛИНГЛАР

8. Бетарафликни сақлашга қийналганимизда, «эҳтиёткор» ва «беғубор» эканимизни қандай кўрсата оламиз?

8 Бетараф бўлишимизга кўмаклашадиган иккинчи омил — «илонлардай эҳтиёткор, каптарлардай беғубор бўлиш»дир. (Матто 10:16, 17 ни ўқинг.) Эҳтиёткорликни қийин вазиятлар ҳақида олдиндан ўйлаш, беғуборликни эса, ўша вазиятларда бетараф қолиш орқали кўрсатамиз. Келинг, дуч келишимиз мумкин бўлган айрим қийинчиликларни ва уларни қандай ҳал қила олишимизни кўриб чиқайлик.

9. Бошқалар билан суҳбат қурганимизда, нимадан эҳтиёт бўлишимиз керак?

9 Суҳбатлар. Сиёсий мавзулар кўтарилганда, эҳтиёт бўлишимиз муҳим. Масалан, одамлар билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида гапирганимизда, муайян сиёсий арбобнинг ёки партиянинг ғояларини қўллаб-қувватламаймиз ва танқид ҳам қилмаймиз. Давлат арбоблари муаммоларни қандай ечмоқчи эканининг йўлларини муҳокама қилишнинг ўрнига, диққатингизни одамни хавотирга солаётган муаммога қаратинг. Кейин эса, қандай қилиб Худонинг Шоҳлиги бу муаммони бутунлайин бартараф этишини Муқаддас Китобдан кўрсатиб беринг. Агар одамлар бир нечта хотин олиш ёки аборт қилиш каби мавзуларда сиз билан баҳслашмоқчи бўлишса, бу борада Аллоҳнинг Каломидаги меъёрларни тушунтириб, уларга қандай амал қилаётганингизни кўрсатинг. Суҳбат давомида бу мавзуларнинг сиёсатга алоқадор томонларини четлаб ўтишга ҳаракат қилиб, бетараф қолинг. Қайси қонунларни киритиш, қайсиларини эса бекор қилиш ёки ўзгартириш кераклиги масаласида бетарафликни сақлаймиз ва бошқаларга ўз фикримизни ўтказмаймиз.

10. Оммавий ахборот воситалари орқали тақдим этилаётган маълумотдан ўзимизни қандай асрашимиз мумкин?

10 Оммавий ахборот воситалари. Одатда «янгиликлар» орқали қайсидир масаланинг фақат бир тарафи тақдим этилади. Баъзида оммавий ахборот воситалари сиёсатнинг қуроли ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари давлат назорати остида бўлган мамлакатларда янгиликларга холисона ёндашишмайди. Шунинг учун, бундай мамлакатларда яшовчи масиҳийлар мухбирнинг нуқтаи назарини ўзлаштиришдан эҳтиёт бўлишлари керак. Ўзингиздан: «Муайян мухбирнинг сиёсат тўғрисидаги фикри меникига ўхшаш бўлгани учун уни жон деб тинглайманми?» — деб сўраб кўринг. Агар шундай бўлса, эҳтимол, хабарларни холис тарзда етказадиган манбани излаб кўрарсиз. Қандай бўлмасин, сиёсий режаларни хабарлайдиган оммавий ахборот воситаларидан маълумот олишни камайтириб, сиз эшитадиган хабарлар Муқаддас Китобдаги «соғлом сўзларнинг намунасига» зид ёки зид эмаслигини текшириш оқилона бўларди. (2 Тим. 1:13)

11. Қайси маънода молпарастлик бетарафликни сақлашда қийинчилик туғдириши мумкин?

11 Молпарастлик. Агар моддий нарсалар биз учун жуда муҳим бўлса, бетарафликни сақлаш қийин кечиши мумкин. Малавида, 1970 йилларда имондошларимизни қувғин қилишганларида, уларнинг бир нечтаси билан айнан шундай вазият юз берди. Буни кўрган Рут опамиз қуйидагиларни эслайди: «Улар фаровон ҳаётдан воз кеча олишмади.  Айримлар биз билан сургун қилинишганди, лекин қочоқлар лагеридаги ноқулайликларга чидай олмаганлари учун кейинчалик сиёсий партияга қўшилиб, уйларига қайтишди». Яҳова Шоҳидларининг аксар қисми иқтисодий танқисликка ёки ҳатто бор-будидан маҳрум бўлганига қарамай, барибир бетарафликни сақлаб келяпти. (Иброн. 10:34)

12, 13. а) Яҳованинг инсониятга бўлган нуқтаи назари қандай? б) Улғайган жойимиз билан ғурурланаётганимиз нимадан кўринади?

12 Мағрурлик. Кўпинча одамлар ирқи, қабиласи, маданияти, шаҳри ёки миллатининг афзал томонларини кўз-кўз қилишга мойиллар. Лекин биламизки, қабила, маданият ёки миллати билан мақтаниш Яҳованинг инсоний ҳукуматга ва одамзодга бўлган нуқтаи назарига тўғри келмайди. Албатта, Аллоҳ маданиятимиздан воз кечишимизни кутмайди. Чунки маданий хилма-хиллик одамлар орасидаги ажойиб фарқни кўрсатиб туради. Бироқ шуни ёдда тутишимиз керакки, Худонинг назарида барча одамлар бир хилдир. (Рим. 10:12)

13 Улғайган жойимиз билан ғурурланиш миллатчиликнинг негизи бўлиб, ён беришга етаклаши мумкин бўлган илк қадамдир. Масиҳийлар бундай мағрурликка қарши эмланишмаган. Ахир ҳатто биринчи асрдаги масиҳийларнинг айримлари ҳам биродарларини миллати туфайли камситишган. (Ҳавор. 6:1) Қизиқ, мағрурлик бизда илдиз отаётгани нимадан кўринади? Масалан, бошқа мамлакатдаги имондошимиз сизга маслаҳат берди, дейлик. Сиз шу заҳотиёқ: «Биз томонда буни яхшироқ қилишади»,— деб ўйлаб, маслаҳатни рад этасизми? Бунинг ўрнига, «ўй-фикрларда камтарин бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар», деган илоҳий маслаҳатга риоя қилишимиз даркор. (Филип. 2:3)

ЯҲОВА СИЗГА КУЧ БЕРАДИ

14. Ибодат сизга қандай ёрдам бериши мумкин ва Муқаддас Китобдаги қайси мисол буни тасдиқлайди?

14 Бетараф бўлишга ёрдам берадиган учинчи омил — Яҳовадан куч сўрашдир. Муқаддас руҳни сўраб ибодат қилинг, негаки, унинг ёрдамида сабр-тоқат ва ўзини тута билиш фазилатларини ривожлантира оласиз. Бу фазилатлар, ҳукумат сизга нисбатан адолатсизларча йўл тутганида асқатади. Шунингдек, бетараф қолишингизга қийинчилик туғдириши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаб, улардан чиқиб кетиш учун Яҳовадан донолик сўранг. (Ёқб. 1:5) Агар сизни ҳақ топиниш томонда қатъий турганингиз сабабли ҳибсга олишса ёки бошқачасига жазолашса, эътиқодингизни жасорат ила ҳимоя қилиб, ҳар қандай қувғинда ҳам матонатли қолиш учун ибодатда куч сўранг. (Ҳаворийлар 4:27–31 ни ўқинг.)

15. Қай йўсин Муқаддас Китоб бетараф бўлишимизга ёрдам бера олади? (Шунингдек, «Аллоҳнинг Каломи қатъий туришларига кўмаклашди» номли рамкага қ.)

15 Яҳова Ўз Каломи орқали ҳам сизга куч бахш этиши мумкин. Синов пайтида бетарафликни сақлашингизга кўмаклашадиган оятлар устида мулоҳаза юритинг. Ушбу оятларни ёдлаб, уларни эслаб қолишга ҳаракат қилинг, чунки ҳатто Муқаддас Китоб олдингизда бўлмаганида ҳам улар сизга қўл келади. Аллоҳнинг Каломи, шунингдек, Шоҳлик баракаларига бўлган умидингизни мустаҳкамлаши мумкин. Бу умид таъқибларга дош беришимиз учун ўта муҳимдир. (Рим. 8:25) Сиз интиқиб кутаётган баракалар ҳақидаги оятларни танлаб, жаннатда уларга эришганингизни фараз қилинг.

ЯҲОВАНИНГ СОДИҚ ХИЗМАТЧИЛАРИДАН ЎРНАК ОЛИНГ

16, 17. Бетарафликни сақлаган художўй кишилардан қандай сабоқ олишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

16 Яҳованинг содиқ хизматчилари бетарафликни сақлашимизга ёрдам берадиган тўртинчи омилдир. Уларнинг мисоли матонатли бўлишимиз учун бизга донолик ва куч бахш эта олади. Мисол учун, Шадрах, Мешах ва Абеднаху Бобил ҳукуматининг рамзи бўлган  ҳайкалга сажда қилишдан бош тортишган. (Дониёр 3:16–18 ни ўқинг.) Муқаддас Китобдаги ушбу баёнот Яҳованинг ҳозирги кўплаб хизматчиларига жасоратли бўлишга ва улар яшайдиган мамлакатнинг байроғини шарафлашни рад этишга ёрдам беради. Исо ҳам дунёнинг сиёсий ва ижтимоий можароларига умуман аралашмаган. Унинг ўрнаги бошқаларга қандай таъсир қилишини билгани учун Исо шогирдларига: «Дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим»,— деб айтган эди. (Юҳан. 16:33)

17 Яҳова Шоҳидларининг кўпи бугунги кунда бетарафликни сақлаб келяпти. Яҳовага содиқ қолишганлари учун баъзиларини қийноққа солиб, қамоққа тиқишган ва ҳатто ўлдиришган. Уларнинг ўрнаги туркиялик Бэреш биродаримизга ёрдам бергани каби, сизга ҳам кўмаклашиши мумкин. Бу борада у шундай фикр билдирди: «Ёш биродаримиз Франц Райтер Гитлернинг армиясига қўшилишдан бош тортгани учун қатл қилинган эди. Ўлимидан олдинги кечада онасига ёзган хатидан у Яҳовага таянгани ва кучли имонга эга бўлгани кўриняпти. Шу каби синовга дуч келганимда, мен унинг ўрнагига эргашмоқчиман». *

18, 19. а) Қай йўсин жамоатингиздаги имондошлар бетараф қолишингизга ёрдам беришлари мумкин? б) Сиз нима қилишга қарор қилдингиз?

18 Жамоатингиздаги имондошларингиз ҳам бетараф қолишингизга ёрдам беришлари мумкин. Бетарафлик масаласида синовга дуч келган бўлсангиз, оқсоқолларга хабар беринг. Улар сизга Муқаддас Китобга асосланиб маслаҳат беришади. Жамоатдагилар ҳам қийинчиликларингиз ҳақида хабардор бўлишса, сизга далда бера олишади. Улардан сиз учун ибодат қилишларини сўранг. Шак-шубҳасизки, агар имондошларимиз бизни қўллаб-қувватлаб, биз учун ибодат қилишларини истасак, ўзимиз ҳам худди шундай йўл тутишимиз лозим. (Мат. 7:12) Расмий веб-сайтимизда қамоқда ўтирган имондошларимизнинг исмларини топишингиз мумкин. * Айримларининг исмларини танлаб, улар жасоратли ва садоқатли қолишлари учун Яҳовадан ёрдам беришини сўранг. (Эфес. 6:19, 20)

19 Замонанинг охири яқинлашаётган экан, инсоний ҳукуматлар бизга янада кўпроқ босим ўтказиб, бетарафликни сақлашимизга тўсқинлик қилишлари турган гап. Шунинг учун келинг, бўлинган дунёда бетараф бўлишга ҳозирдан бел боғлайлик!

^ 17- х.б. (17- хатбоши) «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг (рус) 662- саҳ. ва «Худонинг Шоҳлиги бошқармоқда» китобининг (рус) 150- саҳ. «У ўлимигача Худони шарафлади» номли рамкага қ.

^ 18- х.б. (18- хатбоши) Кўп тилларда мавжуд бўлган «ЯНГИЛИКЛАР > ЮРИДИК ИШЛАР > Эътиқоди учун ҳибсга олинган Яҳованинг Шоҳидлари бор мамлакатлар» (НОВОСТИ > ЮРИДИЧЕСКАЯ СИТУАЦИЯ > Страны, где Свидетели Иеговы находятся в заключении за веру) сарлавҳаси остидаги мақолага қ.