Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Август 2016

Олтиндан анча яхшироқ бўлган нарсани изланг

Олтиндан анча яхшироқ бўлган нарсани изланг

Соф ҳолдаги олтинни ҳеч топганмисиз? Камдан-кам одам бунга эришган. Лекин шунга қарамай, миллионлаб бошқа одамлар ундан анча яхшироқ бўлган нарсани топишган. Бу — «тиллага сотиб олиб бўлмайдиган» илоҳий доноликдир! (Аюб 28:12, 15)

ҚАЙСИДИР маънода Муқаддас Китобни ўрганаётган самимий кишиларни олтин қидирувчиларга ўхшатса бўлади. Бундай одамлар донолик хазиналарини топиш учун зўр бериб меҳнат қилишлари ва Муқаддас Ёзувлар асосида доимо пухта изланиш олиб боришлари даркор. Келинг, олтин топишнинг 3 та йўлини кўриб чиқиб, бундан нимани ўрганишимиз мумкинлигига эътибор қаратамиз.

СИЗ ХАЗИНА ТОПДИНГИЗ!

Фараз қилинг, сиз дарё соҳили бўйлаб кетаётиб, офтоб нурларида товланаётган зиғирдек тошни кўриб қолдингиз. Энгашганингизда эса, соф олтинни топиб олганингизни англайсиз ва бундан хурсанд бўлиб кетасиз. Бу заррача тош гугуртнинг қалпоқчасидан кичикроқ ва юқори сифатли олмосдан ҳам ноёброқдир. Ўшанда сиз бундай олтин бўлакчалари яна бормикан, деб атрофга қарайсиз.

Шу сингари, бир мунча вақт аввал, ҳаётингизнинг унутилмас бир кунида Яҳова Шоҳидларидан бири эшигингизни қоқиб, Аллоҳнинг Каломидаги хушхабарни сиз билан баҳам кўришга келган бўлиши мумкин. Эҳтимол, илк маънавий олтин бўлагини топганингиз ҳали-ҳамон кўз олдингизда гавдаланар. Бу, Худонинг исми Яҳова эканини биринчи марта Муқаддас Китобда кўрганингизда ёки Яҳованинг дўсти бўла олишингизни билганингизда юз берган бўлиши мумкин. (Чиқ. 6:3, изоҳ; Ёқб. 2:23) Ўшанда олтиндан анча яхшироқ бўлган нарсани топганингизни англаб, янада кўпроқ маънавий хазиналар топишга ошиққандирсиз.

БИТМАС-ТУГАНМАС ХАЗИНА

Олтин заррачаларини ёки конларини баъзида ирмоқлардан ва дарёлардан топса бўлади. Бу турдаги олтин сочма олтин деб аталади. Бир мавсумнинг ўзида меҳнатсевар олтин қидирувчилари бундай конлардан ўнлаб минг долларга тенг миқдорда олтин қазиб олишлари мумкин.

Яҳованинг Шоҳидлари билан Худонинг Каломини тадқиқ қилишни бошлаганингизда, ўзингизни олтинга ниҳоятда бой конни қазиб олаётган олтин қидирувчиси каби ҳис қилгандирсиз. Муқаддас Китобдаги оятларни мушоҳада этиш эса билим хазинангизни тўлдириб, маънавий томонлама сизни бойитган бўлса керак. Аллоҳ Каломидаги бебаҳо ҳақиқатларни чуқур ўрганганингиз сайин, қай йўсин Яҳовага яқинлашишингиз мумкинлигини билиб олдингиз. Боз устига, келажакдаги абадий ҳаётга кўз тиккан ҳолда ўзингизни Унинг меҳр-муҳаббатида сақлашни ўргандингиз. (Ёқб. 4:8; Яҳд. 20, 21)

Олтин излашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган олтин қидирувчиси каби, Муқаддас Китобдаги хазиналарни топиш учун тинимсиз ҳаракат қиляпсизми?

Сиз ҳам сочма олтин конларини излаётган олтин қидирувчиси каби, қимматбаҳо маънавий хазиналарни  тиришқоқлик ила излагандирсиз. Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни ўрганганингиздан кейин эса, эҳтимол, сизда ўзингизни Худога бағишлаб, сувга чўмиш учун қадамлар қўйиш истаги пайдо бўлгандир. (Мат. 28:19, 20)

ИЗЛАШДАН ТЎХТАМАНГ!

Олтин қидирувчиси отилиб чиққан тоғ жинсларидан жуда кам миқдорда олтин топиши мумкин. Лекин шунда ҳам рудани қазиб олиб, уни парчалаш арзийди. Негаки, бундай жинсларнинг баъзи қисмларидан етарлича олтинни чиқариб олса бўлади. Бир қарашда, рудада олтин йўқдек туюлиши мумкин. Нима сабабдан? Чунки бир тонна тоғ жинсидаги юқори сифатли рудадан атиги 10 граммга яқин олтин чиқарса бўлади. Ҳа, олтин қидирувчининг меҳнати бесамар кетмайди.

«Масиҳ ҳақидаги бошланғич таълимотлар» билан чегараланиб қолмасдан, ҳаракат қилишда давом этиш муҳим. (Иброн. 6:1, 2) Шундай экан, шахсий тадқиқдан янги-янги фикрлар ва сабоқлар олиш учун жон куйдириб меҳнат қилишингиз лозим, ахир бежизга: «Кумушдек тер тўксанг, гавҳардек дур оларсан»,— деб айтишмайди-ку! Хўш, анча йиллар давомида Муқаддас Ёзувларни ўрганаётганингизга қарамай, шахсий тадқиқингиз ҳозир ҳам самарали ўтиши учун нима қилсангиз бўлади?

Билимга чанқоқ бўлинг. Тафсилотларга алоҳида эътибор қаратинг. Ҳаракат қилишда давом этинг, шунда Муқаддас Китобдан йўл-йўриқ ва илоҳий донолик хазиналарини топасиз. (Рим. 11:33) Муқаддас Ёзувлар ҳақидаги билимингизни ошириш учун, сизнинг тилингизда мавжуд бўлган изланиш воситаларидан унумли фойдаланинг. Сизга керак бўлган йўл-йўриқни ҳамда Муқаддас Китобга оид саволларингизга жавобларни сабр ила изланг. Имондошлар бошқаларга ёрдам ва далда бериш учун қандай оятлар ҳамда мақолалардан фойдаланишаётганини сўранг. Аллоҳнинг Каломини шахсан тадқиқ қилганингизда топган қизиқарли фикрлар билан бўлишинг.

Албатта, мақсадингиз — шунчаки билимингизни ошириш эмас. Зотан, ҳаворий Павлус: «Билим инсонни мағрур қилади»,— деб огоҳлантирганди. (1 Кор. 8:1) Шу боис, камтарин бўлиб, имонда барқарор туриш учун тинимсиз ҳаракат қилинг. Мунтазам оилавий топиниш ва шахсий тадқиқ сизни бошқаларга ёрдам беришга ундаб, Яҳованинг меъёрлари бўйича яшашингизга кўмаклашади. Устига-устак, олтиндан анча яхшироқ бўлган нарсани топганингиздан қувончингизга қувонч қўшилади. (Ҳик. 3:13, 14)

Кўпроқ билиш

ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ (ТАДҚИҚ СОНИ)

Оилавий топинишни ҳамма учун ёқимли тарзда ўтказа оласизми?

Фойдали маслаҳатлар олиб, тадқиқни бойитишни истасангиз, турли мамлакатларда оилавий топиниш қандай ўтказилаётганига эътибор беринг.