Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Август 2016

Никоҳда муваффақиятга эришиш

Никоҳда муваффақиятга эришиш

Ҳар бирингиз ўз хотинингизни ўзингизни севгандай севинг. Хотин эса эрини чуқур ҳурмат қилсин. ЭФЕС. 5:33

ҚЎШИҚЛАР: 37, 3

1. Одатда никоҳ хурсандчилик билан бошланса-да, турмуш қурганларнинг ҳаётида нималар пайдо бўлиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

КУЁВ тўй куни ўзининг мафтункор келинчагини кўрганида ҳис этган қувончини таърифлашга тил ожиздир. Учрашиб юришгани сайин, бўлажак турмуш ўртоқларнинг ўзаро севгиси тобора ўсиб борди ва ҳозир улар турмуш қуриб, бир-бирига вафодор бўлишни ваъда беришга тайёр туришибди. Тўғри, икки ҳаёт бирлашиб, янги оила қурилганда, ўзгаришлар киритиш талаб этилади. Никоҳ Асосчиси ҳар бир жуфтлик турмушида бахт ва муваффақиятга эришишини истайди. Шу сабабли, У Ўз Каломида турмуш қуришни танлаган барча учун доно маслаҳатлар берган. (Ҳик. 18:22) Шу билан бирга, Муқаддас Ёзувларда оила қурган номукаммал одамларнинг «ҳаётида янги қийинчиликлар пайдо бўлиши» ҳақида ҳам аниқ айтилган. (1 Кор. 7:28) Қизиқ, бундай қийинчиликларни қандай камайтирса бўлади? Нима туфайли масиҳийлар никоҳда муваффақиятли бўлишлари мумкин?

2. Турмуш ўртоқлар севгининг қайси турларини кўрсатишлари лозим?

2 Муқаддас Китобда севги муҳим фазилат экани таъкидланган. Шуниси қизиқки, жуфтликлар никоҳда намоён этиши керак бўлган севгининг бир нечта тури бор. Масалан, никоҳда  меҳр-муҳаббат (юнонча филиˈа) бўлиши лозим. Ишқ (эˈрос) ҳам турмуш қурганларга ўзгача шодлик бахш этади. Оилага бўлган севги (сторгеˈ) эса, айниқса, фарзандлар пайдо бўлганда муҳимдир. Аммо принципларга асосланган севги (агаˈпе) — турмуш муваффақиятли бўлишининг асосий калитидир. Бундай севгини ҳаворий Павлус қуйидагича тасвирлаганди: «Ҳар бирингиз ўз хотинингизни ўзингизни севгандай севинг. Хотин эса эрини чуқур ҳурмат қилсин». (Эфес. 5:33)

ЭР-ХОТИНЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТЛАРИ

3. Эр-хотинлар орасидаги севги қанчалик кучли бўлиши керак?

3 Ҳаворий Павлус шундай деб ёзганди: «Эрлар, хотинларингизни доимо севинглар. Зеро Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини бағишлади». (Эфес. 5:25) Исо издошларини қандай севган бўлса, бугунги масиҳийлар ҳам бир-бирини шундай севиб, унга тақлид қилишади. (Юҳанно 13:34, 35; 15:12, 13 ни ўқинг.) Масиҳий эр-хотинлар орасидаги севги шунчалик кучли бўлиши керакки, улар ҳатто зарур бўлганда бир-бири учун жонини фидо қилишга тайёр бўлишлари даркор. Лекин никоҳда жиддий муаммолар юзага келганида, баъзи умр йўлдошлар уларнинг севгиси унча кучли эмаслигини пайқашлари мумкин. Бундай вазиятларда уларга агаˈпе севгиси ёрдам бера олади, зеро у «ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди». Ҳа, бу «севги ҳеч қачон тугамайди». (1 Кор. 13:7, 8) Бир-бирларини севиб, садоқатли бўлишга берган ваъдаларини ёдда сақлаш художўй эр-хотинларга ҳар қандай муаммоларни биргаликда, Яҳованинг юксак меъёрларига асосланиб ечишга ёрдам беради.

4, 5. а) Оила боши сифатида эрнинг вазифаси нимадан иборат? б) Хотин бошчиликка қандай муносабатда бўлиши керак? в) Бир жуфтлик қандай ўзгаришлар киритди?

4 Ҳаворий Павлус ҳар бир турмуш ўртоқнинг масъулиятлари ҳақида шундай ёзганди: «Хотинлар Ҳазратимизга итоат этгандай эрларига бўйсунишсин. Чунки Масиҳ жамоатнинг... боши бўлганидек, эр ҳам хотиннинг бошидир». (Эфес. 5:22, 23) Бироқ бу, эр хотинидан яхшироқ эканини англатмайди. Зеро Яҳова: «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман»,— деганида, хотиннинг ўзгача бир вазифаси ҳақида айтиб ўтганди. (Ибт. 2:18) Хотин эрига яхши оила боши бўлишга кўмаклашиши лозим. Эр эса, «жамоатнинг... боши» — Масиҳ сингари, севги ила бошчилик қилиши зарур. Эр бундай йўл тутса, хотин киши ўзини хавфсиз ҳис қилади ҳамда эрига ҳурмат кўрсатганидан, уни қўллаб-қувватлаганидан ва итоатли бўлганидан мамнуният топади.

5 Никоҳ ўзгаришни талаб қилишини тан олиб, Катэ [1] шундай деди: «Турмушга чиқишдан олдин мустақил эдим ва фақат ўзим ҳақимда ғамхўрлик қилардим. Никоҳ туфайли эса ҳаётим ўзгарди, сабаби энди эримга таянишни ўргандим. Бу доим ҳам осон бўлмаган, лекин Яҳова истагандек йўл тутганимиз учун жуфтлик сифатида бир-биримизга жуда яқин бўлиб қолдик». Унинг эри Фред эса қуйидагича деди: «Қарор чиқариш мен учун доим қийин эди. Қолаверса, никоҳда турмуш ўртоқларнинг муросага келиши ҳам қўшимча қийинчилик яратади. Лекин Яҳовадан ибодатда йўл-йўриқ сўраш ва хотинимнинг фикрини диққат ила тинглаш орқали бир тўхтамга келиш кун сайин осон бўляпти. Энди ростдан ҳам бир команда эканимизни ҳис этяпман!»

6. Турмушда муаммолар пайдо бўлганда, қай йўсин севги турмуш ўртоқларни «етук даражада бирлаштириши» мумкин?

6 Агар турмуш ўртоқлар бир-бирига чидамли бўлиб, бир-бирларини чин дилдан кечиришса, уларнинг никоҳи мустаҳкам бўлади. Афсуски, турмуш ўртоқлар номукаммал бўлишгани учун хато қилиб туришади. Бироқ бундай пайтларда улар хатоларидан сабоқ олиб, кечиримли бўлишни ва Муқаддас Китоб принципларига асосланган севгини кўрсатишни ўрганишлари мумкин. Боиси, айнан бундай севги «инсонларни етук даражада бирлаштиради». (Колос. 3:13, 14) Боз устига, «севги узоқ сабрли ва меҳрибондир,.. хафагарчиликларни  ҳисоблаб юрмайди». (1 Кор. 13:4, 5) Шундай экан, келишмовчиликлар юзага келганда, масиҳий жуфтлик уларни имкон борича тезроқ, «қуёш ботгунча» ҳал қилиши даркор. (Эфес. 4:26, 27) Чин юракдан: «Хафа қилганим учун кечиринг»,— деб айтиш учун камтарлик ва жасорат керак, лекин бу, муаммоларни ечишда ва турмуш ўртоқларни бирлаштиришда катта аҳамиятга эга.

МЕҲР-МУҲАББАТГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ

7, 8. а) Муқаддас Китобда никоҳдаги жинсий муносабатларга оид қандай маслаҳат ёзилган? б) Нега турмуш ўртоқлар бир-бирига меҳр ила муносабатда бўлишлари керак?

7 Муқаддас Китобда никоҳда «тегишли ҳаққи»ни беришда мувозанатли бўлишга кўмаклашадиган яхши маслаҳат ёзилган. (1 Коринфликларга 7:3–5 ни ўқинг.) Эр-хотин бир-бирининг ҳис-туйғулари ва эҳтиёжларини инобатга олиши муҳимдир. Агар эр хотинига меҳр ила муносабатда бўлмаса, хотин учун жинсий муносабатлардан лаззат олиш қийин бўлиши мумкин. Муқаддас Китобга кўра, эрлар хотинларига олган билимларига яраша муомала қилишлари керак. (1 Бутр. 3:7) Турмуш ўртоқлар бир-бирини жинсий алоқа қилишга мажбурламасликлари ва буни талаб қилмасликлари лозим, сабаби бундай истак ўз-ўзидан пайдо бўлиши даркор. Одатда жисмоний жиҳатдан эркакларда, аёлларга қараганда жинсий яқинлашишга мойиллик тезроқ пайдо бўлади. Лекин ҳиссий жиҳатдан уларнинг иккови ҳам бунга тайёр бўлишлари керак.

8 Гарчи Муқаддас Китобда секс билан боғлиқ бўлган эркалашнинг турлари ва чегараси ҳақида аниқ қонун-қоидалар берилмаган бўлса ҳам, у ерда қай йўсин севги кўрсатилиши мумкинлиги тўғрисида айтиб ўтилган. (Қўшиқ 1:1, 2; 2:6) Ҳа, эр-хотинлар бир-бирига меҳр ила муносабатда бўлишлари керак.

9. Нима учун никоҳдан ташқарида жинсий қизиқиш кўрсатиш номаъқулдир?

9 Аллоҳга ҳамда яқинимизга нисбатан севгимиз кучли бўлса, ҳеч ким ва ҳеч нарса турмушимизга хавф солишига йўл қўймаймиз. Масалан, турмуш ўртоқлардан бири порнографияни томоша қилишга одатланиб қолгани дастидан баъзи никоҳлардаги муносабатлар таранглашган ва ҳатто барбод бўлган. Шундай экан, порнографияни томоша қилиш ёки никоҳдан ташқарида жинсий қизиқиш кўрсатиш мойиллигидан бутунлайин воз кечиш зарур. Бошқалар биз ҳақимизда: «Турмуш ўртоғи бўлмаган киши билан ноз-карашма қиляпти»,— деган ҳаёлга боришларига сабаб бўла оладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан қочишимиз керак. Нега деганда, севадиган инсон бундай йўл тутмайди. Аллоҳ ҳамма фикрларимиздан ва хатти-ҳаракатларимиздан хабардор эканини ёдда сақласак, бу Уни мамнун қилиш ва жуфтимизга содиқ қолиш истагимизни кучайтиради. (Матто 5:27, 28; Ибронийларга 4:13 ни ўқинг.)

НИКОҲДАГИ МУНОСАБАТЛАР ТАРАНГЛАШГАНДА...

10, 11. а) Бугунги кунда ажралиш қанчалик кенг тарқалган? б) Муқаддас Китобда алоҳида яшаш борасида нима дейилган? в) Нега турмуш ўртоқлар алоҳида яшаш қарорини чиқаришга шошмасликлари керак?

10 Никоҳдаги чигал муаммолар турмуш ўртоқлардан бири ёки ҳатто иккаласи алоҳида яшаш ё бўлмаса ажралиш ҳақида ўйлашларига сабаб бўлиши мумкин. Баъзи мамлакатларда никоҳларнинг яримидан кўпи ажралиш билан якун топмоқда. Тўғри, бундай ҳол масиҳийларнинг жамоатида унчалик кўп учрамайди, лекин Худонинг халқи орасида ҳам оилавий муаммоларнинг кўпаяётгани ташвишланарлидир.

11 Муқаддас Китобда шундай йўл-йўриқ берилган: «Хотин эридан ажралмасин. Борди-ю, ажралса ҳам, бошқа эрга тегмасин ёки эри билан ярашсин. Эр ҳам хотинини ташлаб кетмасин». (1 Кор. 7:10, 11) Демак, турмуш ўртоқдан алоҳида яшашга енгил-елпи қарамаслик лозим. Гарчанд алоҳида яшаш жиддий қийинчиликларнинг ечимидек туюлса-да, одатда бу кўпроқ муаммоларни келтириб чиқаради. Ахир Исо Аллоҳнинг эркак киши  ота-онасидан бўлак чиқиб, хотинига боғланиб қолиши ҳақидаги гапларини такрорлагандан сўнг: «Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин»,— деб айтганди. (Мат. 19:3–6; Ибт. 2:24) Бу дегани, на эр, на хотин «Аллоҳ бирга қўшганни» ажратиши керак. Зотан, Яҳова никоҳни умрбод иттифоқ, деб билади. (1 Кор. 7:39) Қолаверса, ҳар биримиз Худо олдида ҳисобот берамиз. Турмуш ўртоқлар буни ёдда тутишса, муаммолар жиддий тус олмасданоқ, уларни тезда ҳал эта олишади.

12. Турмуш ўртоқлардан бири алоҳида яшаш ҳақида ўйлашига нима сабаб бўлиши мумкин?

12 Турмушдаги муаммонинг негизи ушалмаган орзулар бўлиши мумкин. Бахтли никоҳ ҳақидаги умидлар пучга чиққанда, инсоннинг руҳи тушиши, у ўзини алдангандай ҳис қилиши ва ҳатто ўзидан ҳамда турмуш ўртоғидан жаҳли чиқиши мумкин. Ҳиссий табиат ва тарбиядаги хилма-хиллик муаммога айланиб, пул, қариндош-уруғ ва фарзандни катта қилиш каби масалаларда келишмовчиликлар туғдириши мумкин. Аммо масиҳий жуфтликларнинг аксарияти Аллоҳнинг йўл-йўриқлари ёрдамида шундай муаммоларнинг ечимини топиб, ўзаро муросага келишаётганлари таҳсинга сазовордир.

13. Алоҳида яшаш учун қандай сабаблар бор?

13 Баъзида алоҳида яшаш учун асосли сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, бунга турмуш ўртоқнинг оилани таъминлашдан бош тортиши, умр йўлдошига зўравонлик қилиши ва унинг маънавийлигини барбод этиши сингари истисно вазиятлар киради. Шуни айтиш жоизки, жиддий муаммоларга дуч келган масиҳий жуфтликлар оқсоқоллардан ёрдам излашлари зарур. Ушбу тажрибали биродарлар бундай жуфтликларга Аллоҳнинг Каломидаги маслаҳатни қўллашга ёрдам беришлари мумкин. Шунингдек, никоҳдаги муаммоларни бартараф қилиш учун Муқаддас Китобдаги принципларни қўллашда ва муқаддас руҳнинг самарасини намоён этишда Яҳовадан ёрдам ва руҳини сўрашимиз лозим. (Галат. 5:22, 23) [2]

14. Турмуш ўртоғи Яҳовага топинмаётган масиҳийлар борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?

14 Айрим масиҳийларнинг турмуш ўртоғи ҳали Яҳовага топинмаётган бўлиши мумкин. Лекин Муқаддас Китобда бундай вазиятларда ҳам масиҳий умр йўлдоши билан яшашни давом этиши кераклигининг сабаблари келтирилган. (1 Коринфликларга 7:12–14 ни ўқинг.) Ҳолбуки, Яҳовага топинмаётган умр йўлдош масиҳий билан турмуш қургани учун «муқаддас бўлади». Уларда туғилган ҳар бир фарзанд ҳам «муқаддас» ҳисобланади ва у Худонинг паноҳида бўлади. Ҳаворий Павлус шундай далдали сўзларни айтганди: «Сиз хотин, қаердан биласиз, балки эрингизни қутқариб қоларсиз? Ёки сиз, эр, қаердан биласиз, эҳтимол хотинингизни қутқариб қоларсиз?» (1 Кор. 7:16) Бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг деярли ҳар бир жамоатида турмуш ўртоғининг «қутқарилишига» ёрдам берган шундай масиҳий эр-хотинлар кам эмас.

15, 16. а) Эри Худонинг хизматчиси бўлмаган хотинларга Муқаддас Китобда қандай маслаҳат берилган? б) Агар масиҳийнинг имондош бўлмаган турмуш ўртоғи уни тарк этса, у ўзини қандай тутиши керак?

15 Ҳаворий Бутрус масиҳий хотинларга эрларига бўйсунишни маслаҳат бериб, бунинг сабабини қуйидагича тушунтирган: «Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар. Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин». Баъзида эътиқод ҳақида гапириш эмас, балки «Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо ҳисобланган сокин ва мулойим руҳни» намоён этиш масиҳий бўлмаган эрнинг ҳақиқатга келишида кўпроқ самара келтиради. (1 Бутр. 3:1–4)

16 Агарда масиҳийнинг Яҳовага топинмаётган турмуш ўртоғи алоҳида яшашга қарор қилса-чи? Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Имондош бўлмаган киши турмуш ўртоғини тарк этса, кетаверсин. Бундай вазиятларда биродар ёки опа-сингил эрининг олдида бурчли бўлмайди. Чунки Аллоҳ  сизларни тинч яшашга даъват этган». (1 Кор. 7:15) Бу, масиҳий Муқаддас Ёзувларга биноан қайта турмуш қуриши мумкинлигини англатмайди. Бироқ масиҳий имондоши бўлмаган турмуш ўртоғини қолишга мажбурламаслиги ҳам керак. Эҳтимол, алоҳида яшаш муайян даражада тинчлик келтирар. Қолаверса, кетиб қолган эр ёки хотин вақт ўтиб турмушни сақлаб қолиш мақсадида қайтиб келишга қарор қилса ва ҳатто имондошимиз бўлса, ажаб эмас.

НИКОҲДА БИРИНЧИ ЎРИНДА НИМА ТУРИШИ КЕРАК?

Маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйсангиз, никоҳингизни янада бахтли қила оласиз (17- хатбошига қаранг.)

17. Масиҳий жуфтликлар нимани ҳаётларида биринчи ўринга қўйишлари керак?

17 «Охирзамоннинг» сўнгги дамларида яшаётганимиз учун, «ниҳоятда оғир вақтлар»ни бошдан кечиряпмиз. (2 Тим. 3:1–5) Лекин шунга қарамай, маънан кучли бўлишда давом этсак, дунёнинг салбий таъсирига қарши туриш анча осон бўлади. Ҳаворий Павлус шундай деганди: «Вақт ҳам оз қолди. Хотини борлар бундан буён хотини йўқдай бўлишсин,.. бу дунёдан фойдаланаётганлар, ундан тўлиқ фойдаланмаётгандай бўлишсин». (1 Кор. 7:29–31) Бу билан ҳаворий Павлус эр-хотин никоҳдаги бурчларига бепарво бўлишлари керак, деб айтмоқчи эмасди. Турмуш ўртоқлар вақт оз қолганини инобатга олган ҳолда, маънавий нарсаларни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишлари зарур. (Мат. 6:33)

18. Нега масиҳийлар турмушни бахтли ва муваффақиятли қила олишади, деб айта оламиз?

18 Гарчи ушбу ниҳоятда оғир вақтларда никоҳлар бузилиб бораётган бўлса-да, турмушимизни бахтли ва муваффақиятли қилиш имкони бор. Ҳа, агар Яҳованинг халқи билан бирга бўлиб, Муқаддас Ёзувлардаги маслаҳатларни қўлласак ва Яҳова руҳи орқали бераётган йўл-йўриқларга амал қилсак, «Аллоҳ бирга қўшганини» ажратмаган бўламиз. (Марк 10:9)

^ [1] (5- хатбоши) Исмлар ўзгартирилган.

^ [2] (13- хатбоши) «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобнинг иловасида 219–221- саҳифаларида жойлашган «Ажралиш ва алоҳида яшашга нисбатан Муқаддас Китобнинг нуқтаи назари» номли мақолага қаранг.