Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Август 2016

Маънан ўсишда давом этяпсизми?

Маънан ўсишда давом этяпсизми?

Омма олдида ғайрат билан Муқаддас Ёзувларни ўқигин, насиҳат қилгин ва бошқаларга таълим бериб тургин. 1 ТИМ. 4:13

ҚЎШИҚЛАР: 45, 42

1, 2. а) Ушбу охирзамонда Ишаё 60:22 даги сўзлар қандай амалга ошяпти? б) Бугунги кунда Яҳова ташкилотининг ердаги қисмида қандай эҳтиёж бор?

«ЭНГ кичик одамингдан мингта одам чиқади, энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади». (Ишаё 60:22) Мазкур кароматли сўзлар ушбу охирзамонда амалга ошяпти. 2015 хизмат йилининг ўзида 8 220 105 та Яҳованинг Шоҳиди хушхабарни дунё бўйлаб ваъз қилишда фаол қатнашди! Худо Ўз халқининг ўсиши борасида шундай деб башорат қилган: «Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо қилдираман». Транспорт воситасининг тезлиги борган сари ошаётганини сезган йўловчилар сингари, биз ҳам шогирд тайёрлаш иши тобора авж олаётганини англаяпмиз. Бундай жадаллашувга ҳар биримиз қандай муносабат билдиряпмиз? Шоҳлик хабарчилари сифатида ғайрат ила бу ишда қатнашиш учун қўлимиздан келганини қиляпмизми? Масалан, кўплаб биродару опа-сингилларимиз доимий ёки кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилишяпти. Қолаверса, талайгина имондошларимиз ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қилишга ва илоҳий хизматнинг бошқа турларида қатнашишга истак билдиришяпти. Наҳот буларни кўриб, қалбимиз қувончга тўлмаса!?

2 Лекин шунга қарамай, Шоҳлик ваъзгўйларига талаб янада ошаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳар йили қарийб 2000 та жамоат ташкил этилади. Агар ҳар бир жамоатда 5 тадан оқсоқол хизмат  қилганида, масъулиятли биродарларга бўлган йиллик эҳтиёжни таъминлаш учун 10 000 та жамоат хизматкори керак бўларди. Бу, минглаб биродарлар жамоат хизматкорлари сифатида хизмат қилиш учун Муқаддас Китоб талабларига мос келиши лозимлигини англатади. Дарҳақиқат, ҳам биродарлар, ҳам опа-сингиллар — барчамиз Раббимизнинг иши билан банд бўлишимиз» даркор. (1 Кор. 15:58)

МАЪНАН ЎСИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

3, 4. Маънан ўсиш сиз учун нимани англатади?

3 1 Тимўтийга 3:1 ни ўқинг. «Интилмоқ» деб таржима қилинган юнонча феъл «бирор нарсани олиш учун, эҳтимол, одатдагидан ҳам кўпроқ чўзилиш», деган маънони билдиради. Шу сўзни қўллаб, ҳаворий Павлус маънан ўсиш инсондан ҳаракатлар талаб қилишини таъкидламоқчи бўлган. Фараз қилинг, биродар жамоатда муайян масъулиятни зиммасига олиш борасида ўйлаяпти. Эҳтимол, у ҳали жамоат хизматкори эмасдир, лекин бу учун маънавий фазилатларни ривожлантириши кераклигини тушуняпти. Даставвал бу биродар жамоат хизматкорлари учун талабларга мос келишга интилади. Шунингдек, у кейинчалик нозир бўлиб хизмат қилиш учун лаёқатли бўлишни орзу қилади. Ҳар бир вазиятда бу биродар жамоатда қўшимча масъулиятни зиммасига олиш учун талабларга мос келиш мақсадида астойдил ҳаракат қилади.

4 Шунга ўхшаб, кашшоф, байтилчи ёки Йиғилиш Залларининг қурилишида ихтиёрий хизматчи бўлишни хоҳлаётган биродару опа-сингиллар мақсадларига эришиш учун зўр бериб интилишаётгани мақтовга сазовордир. Келинг, қай йўсин Аллоҳнинг Каломи барчани маънан ўсишга ундаётганини кўриб чиқайлик.

КЎПРОҚ МАЪНАН ЎСИШГА ЖОН КУЙДИРИНГ

5. Ёш ваъзгўйлар Шоҳлик ишида ўз кучидан қандай фойдаланишяпти?

5 Ёшлар кучли бўлгани учун, Яҳовага кўпроқ хизмат қила олишади. (Ҳикматлар 20:29 ни ўқинг.) Байтилда хизмат қилаётган айрим ёш биродару опа-сингиллар Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни нашр этиш ҳамда уларни муқовалашда қатнашишяпти. Бундан ташқари, кўплаб ёш имондошларимиз Йиғилиш Залларини қуриш ва уларни таъмирлаш ишларида ўз ҳиссаларини қўшишяпти. Табиий офатлар юз берганда эса, баъзи ёш масиҳийлар офатлардан талафот кўрганларга ёрдам кўрсатиш ишларида тажрибалироқ ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилишяпти. Яна бошқа кўплаб ёш кашшофлар маҳаллий ва ўзга тилда сўзлайдиган одамларга хушхабарни тарқатишда кўмаклашишяпти.

6–8. а) Қай йўсин бир ёш ваъзгўй Худонинг хизматига бўлган нуқтаи назарини ўзгартирди ва натижаси қандай бўлди? б) «Татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир», деган сўзлар рост эканига қандай амин бўла оламиз?

6 Шак-шубҳасизки, Аллоҳга чин юракдан хизмат қилиш муҳим эканини яхши биласиз. Лекин шунга қарамай, сизга ҳам Арон исмли биродарнинг ўтмишда бошдан кечирган ҳис-туйғулари танишдир. Гап шундаки, у қувонч ила Худога хизмат қилишни истаган, аммо нега хизматдан хурсандчилик топмаётганини тушунмаган. Гарчанд Арон масиҳийлар оиласида улғайган бўлса ҳам, у учун жамоат учрашувларига ва хизматга бориш зерикарли эди. Хўш, у қандай йўл тутди?

7 Арон Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш, йиғилишларни қолдирмасдан, уларда қатнашиш учун ҳаракат қилди. Қолаверса, у мунтазам ибодат қилишни бошлади. Унинг Яҳовага бўлган севгиси ошгани сайин, у маънан ўсди ва, натижада, ўзини бахтлироқ ҳис қила бошлади. У кашшоф бўлиб хизмат қилди, ўзга юртда ваъз қилди ва офатлардан талафот кўрганларга ёрдам бериш ишларида бошқа ваъзгўйлар билан ҳамкорлик қилди. Ҳозир Арон оқсоқол ва байтилчи бўлиб хизмат қиляпти. У бундай ҳаёт йўлини танлаганидан хурсандми? Арон қуйидагича бўлишди: «Мен “татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир”, деган сўзлар рост эканига амин бўлдим. У менга баракалар ёғдираётгани учун Унинг олдида ўзимни қарздор ҳис қиламан ва Унга кўпроқ хизмат қилгим келади. Бу эса, натижада, янада кўпроқ баракалар олиб келади».

 8 Сано бастакори шундай деб куйлаган: «Эгамизга юз бурганлардан... фаровонлик айрилмайди». (Забур 33:9–11 ни ўқинг.) Ростдан ҳам, Яҳова Унга ғайрат ила хизмат қилаётганларнинг умидини пучга чиқармайди. Хизматда қўлимиздан келганини қилсак, шунда «татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир», деган сўзлар рост эканига ўзимиз ҳам гувоҳ бўламиз. Шунингдек, Яҳовага астойдил топинганимизда, тенги йўқ бахтни ҳис қиламиз!

ТАСЛИМ БЎЛМАНГ

9, 10. Нега сиз учун «умид-ла кутиш» муҳимдир?

9 Мақсадлар сари интилар экансиз, «умид-ла кутинг». (Михо 7:7) Гарчи Яҳованинг содиқ хизматчилари шарафли вазифаларга эга бўлишни ёки шароитлар яхши томонга ўзгаришини кутишларига тўғри келса ҳам, Яҳова уларни доимо қўллаб-қувватлайди. Масалан, Аллоҳ Иброҳимга ўғил беришни ваъда қилганди, лекин бу учун Иброҳим имон ва сабрни намоён этиши керак эди. (Иброн. 6:12–15) Гарчи Иброҳим Исҳоқнинг туғилишини йиллар мобайнида кутган бўлса ҳам, у тушкунликка тушмади ва Яҳова унинг умидини рўёбга чиқарди. (Ибт. 15:3, 4; 21:5)

10 Кутиш осон эмас. (Ҳик. 13:12) Агар вазиятимиз ва қанчалик тушкун аҳволда эканимиз ҳақида ўйлайверсак, ҳафсаламиз пир бўлиши мумкин. Шу сабабли, яхшиси вақтимизни маънан ўсиш учун сарфлайлик. Келинг, бунинг учта йўлини кўриб чиқамиз.

11. Қандай фазилатларни ривожлантира оламиз ва нега улар муҳим?

11 Илоҳий фазилатларни ривожлантиринг. Аллоҳнинг Каломини ўқиш ва унинг устида мулоҳаза юритиш орқали донолик, фаҳм-фаросат, ақл-идрок, билим, фикрлаш қобилияти ва ақли расоликни ривожлантира оламиз. Бундай фазилатлар Худонинг халқи орасида масъулиятни зиммасига олганлар учун муҳимдир. (Ҳик. 1:1–4; Титус. 1:7–9) Муқаддас Китобга  асосланган адабиётларни ўқиганимизда эса, Аллоҳнинг кўплаб масалаларга доир нуқтаи назарини англаб ета оламиз. Ҳар куни ўйин-кулги, кийиниш, пардоз-андоз, пулни тўғри тақсимлаш ва бошқалар билан қандай муносабатда бўлиш каби масалаларга дуч келамиз. Шундай пайтларда Муқаддас Китобдан ўрганган нарсаларни амалда қўллаб, Яҳовани мамнун қиладиган қарорлар чиқара оламиз.

12. Қай йўсин жамоат аъзолари ишончли эканликларини исботлай олишади?

12 Ишончли эканингизни исботланг. Худонинг ҳар бир хизматчиси зиммасига топширилган вазифани бажариш учун қўлидан келганини қилиши даркор. Масалан, ҳоким сифатида Нахимиё Худонинг халқига масъулиятли топшириқларни тақсимлаб бериши лозим эди. Хўш, у кимни тайинлади? Бу учун у художўй ва ишончли кишиларни танлади. (Нахим. 7:2; 13:12, 13) Бугунги кунда ҳам «бошқарувчилардан... ишончли киши бўлиш талаб этилади». (1 Кор. 4:2) Шубҳасизки, яхши ишлар эътибордан четда қолмайди. (1 Тимўтийга 5:25 ни ўқинг.)

13. Бошқалар сизга адолатсизларча муносабатда бўлишганда, Юсуфнинг мисоли қандай ёрдам бериши мумкин?

13 Яҳова сизни поклашига йўл қўйинг. Бошқалар сизга адолатсизларча муносабатда бўлишганда, қандай йўл тутган бўлардингиз? Эҳтимол, сиз масалани шу заҳоти ҳал қила оларсиз. Лекин баъзида ўзингизни оқлаш учун бор кучингиз билан ҳаракат қилиб, муаммони баттар чигаллаштиришингиз мумкин. Бу борада Юсуфнинг мисолидан кўп нарсани ўргансак бўлади. Юсуфнинг биродарлари у билан ноҳақларча йўл тутишганди, аммо у қалбида кек сақламади. Кейинчалик уни ноҳақ айблаб, зиндонга ташлашди. Бироқ шундай қийин пайтларда ҳам Юсуф Яҳовага таянди. Хўш, бунинг натижаси қандай бўлди? «Эгамизнинг каломи Юсуфни синади [пок қилган эди, ЯДТ]». (Заб. 104:19) Синовлар тугагач эса, Юсуф ўзгача бир вазифани олишга лаёқатли бўлди. (Ибт. 41:37–44; 45:4–8) Шундай экан, қалтис муаммоларга дуч келганингизда, ибодатда донолик сўранг, мулойим гапириб, шунга яраша йўл тутинг ҳамда Худо сизга куч беришини кутинг. Зотан, Яҳова сизга албатта ёрдам беради! (1 Бутрус 5:10 ни ўқинг.)

САМАРАЛИ ХИЗМАТ ҚИЛИНГ

14, 15. а) Нима учун қандай ваъз қилаётганимизга «ҳамиша диққатли бўл»ишимиз керак? б) Қай йўсин ўзгараётган шароитларга мослаша оласиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга ҳамда « Ваъз қилишнинг бошқа усулини қўллашни истайсизми?» номли рамкага қаранг.)

14 Ҳаворий Павлус Тимўтийга қуйидагича маслаҳат берганди: «Омма олдида ғайрат билан Муқаддас Ёзувларни ўқигин, насиҳат қилгин ва бошқаларга таълим бериб тургин. Ўзингга ва қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл». (1 Тим. 4:13, 16) Ўша пайтга келиб, Тимўтий кўплаб йиллар давомида хизмат қилиб келаётганди. Нега унда Тимўтий хизматини яхшилаши зарур эди? Чунки у қандай таълим бераётганига «ҳамиша диққатли бўл»ганидагина, унинг хизмати самарали бўларди. Тимўтий хизматда айтган одатий гапларига одамлар албатта қизиқиш билдиришади, деб ўйламаслиги керак эди. Зероки, унинг сўзлари одамларнинг қалбига таъсир қилиши учун, у ўзининг ваъз қилиш усулларини уларнинг эҳтиёжларига мослаштириши лозим эди. Шоҳлик хабарчилари эканмиз, биз ҳам худди шундай йўл тутишимиз даркор.

15 Уйма-уй ваъз қилганимизда, кўпинча одамлар уйда бўлишмайди. Баъзи жойларда биз кўп хонадонли уйларга ва қўриқланаётган ҳудудларга кира олмаймиз. Агар сиз яшаётган жойда ҳам шундай бўлса, балки хушхабарни ваъз қилишнинг бошқа усуллари ҳақида ўйлаб кўрарсиз?

16. Жамоа жойларида шоҳидлик бериш қандай самаралар келтиради?

16 Жамоа жойларида шоҳидлик бериш — хушхабарни тарқатишнинг ажойиб йўлларидан биридир. Кўп ваъзгўйлар бундай хизмат турида ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб, яхши самараларга эришишмоқда. Улар поезд ва автобус бекатларида, бозорлару паркларда ва бошқа оммавий жойларда одамларга ваъз қилиш учун алоҳида вақт ажратишяпти. Ваъзгўй фаҳм-фаросатни ишга солиб, ўша жойлардаги  одамларга янгиликлар ҳақида айтиб бериш, фарзандларини мақташ ёки иши тўғрисида савол бериш орқали суҳбат бошласа бўлади. Агар кишини суҳбат қизиқтирган бўлса, ваъзгўй Муқаддас Ёзувлардан бир фикр келтириши ва бу борада инсоннинг нуқтаи назарини сўраши мумкин. Инсон ўзининг фикрларини билдирганида, одатда Муқаддас Китобни чуқурроқ муҳокама қилишга имкон туғилади.

17, 18. а) Қай йўсин жамоа жойларида хушхабарни ваъз қилишда янада дадил бўла оласиз? б) Қандай қилиб Довуднинг сўзлари хизматимизда ўз аксини топади?

17 Агар жамоа жойларида ваъз қилиш сиз учун қийин бўлса, таслим бўлманг. Нью-Йоркда яшовчи Эди исмли кашшоф инсонлар билан оммавий жойларда суҳбатлашишга ҳеч журъат этмасди. Лекин вақт ўтиб у дадилланди. Қизиқ, унга нима ёрдам берди? У шундай деб айтди: «Оилавий топиниш пайтида рафиқам билан иккаламиз одамлар билдирадиган фикрлар ва эътирозларга қандай жавоб бериш мумкинлиги борасида изланиш олиб борамиз. Шунингдек, бошқа ваъзгўйлардан ҳам маслаҳатлар сўраймиз». Ҳозир эса Эди бу хизмат турида жон деб қатнашяпти.

18 Хушхабарни ваъз қилишда янада дадил ва маҳоратли бўлганингиз сайин, муваффақиятингиз ҳаммага ошкор бўлади. (1 Тимўтийга 4:15 ни ўқинг.) Бундан ташқари, ўшанда сиз ҳам Довуд каби самовий Отамизга шундай деб тасанно куйлайсиз: «Ҳар доим Эгамни олқишлайман, Унинг мадҳи тилимдан асло тушмайди. Эгам боис жоним фахрланади, мазлум эшитиб, шод бўлсин». (Заб. 33:2, 3) Ҳа, ваъз қилганингиз сари итоаткор одамлар ҳақ Худога топинишда сизга қувонч ила қўшилишса, нур устига аъло нур бўлади.

МАЪНАН ЎСИБ, ХУДОНИ УЛУҒЛАНГ

19. Гарчи Яҳованинг содиқ хизматчиси ноқулай шароитларда бўлса ҳам, нега қувончини йўқотмаслиги даркор?

19 Довуд пайғамбар, шунингдек: «Эй Эгам, жамики яратганларинг Сенга шукр айтар, жамики тақводорларинг Сенга олқишлар куйлар. Салтанатинг шуҳратини улар ҳикоя қилар, Сенинг қудратинг ҳақида улар сўйлаб юрар. Ҳаммани қудратли ишларингдан, салтанатинг шуҳратию дабдабасидан хабардор қилар»,— деб куйлаган эди. (Заб. 144:10–12) Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ушбу сўзларда барча Яҳова Шоҳидларининг ҳис-туйғулари ифода этилган. Лекин касаллик ёки ёшингиз ўтгани туфайли истаганингиздек кўп хизмат қила олмаётган бўлсангиз-чи? Шуни ёдда тутингки, сизга ғамхўрлик қилаётганлар ва бошқа одамлар билан хушхабарни баҳам кўриш орқали бажараётган муқаддас хизматингиз Аллоҳимиз Яҳовага шарафлар келтиради. Мабодо эътиқодингиз туфайли ҳибсга олинган бўлсангиз, эҳтимол, шароит йўл қўйганда ҳақиқатни бўлишаётгандирсиз ва бу, Яҳованинг қалбини қувонтириши шубҳасиз. (Ҳик. 27:11) Борди-ю, имондош бўлмаган қариндошлар билан яшаб, хизмат қилишни давом эттираётган бўлсангиз, бу билан Яҳовани хурсанд қилаётганингиз муқаррар. (1 Бутр. 3:1–4) Демак, ҳатто ноқулай вазиятда ҳам Яҳовани улуғлашингиз ва маънан ўсишингиз мумкин.

20, 21. Агар Яҳованинг ташкилотида сизга қўшимча масъулият топширилган бўлса, қай йўсин бошқалар учун барака бўла оласиз?

20 «Сендан ҳаракат — Худодан баракат» дейишганидек, агар сиз маънан ўсишда давом этсангиз, Яҳова ҳаракатларингизга барака ёғдириши тайин. Эҳтимол, жадвалингизга ёки ҳаёт тарзингизга бир қанча ўзгаришлар киритиб, маънан чанқоқ одамларга Аллоҳ тўғрисидаги ҳақиқатни етказишда кўпроқ ҳисса қўша оласиз. Бунинг устига, маънан ўсишингиз ва фидойи руҳингиз имондошларингизга чексиз баракалар келтириши мумкин. Жамоатда қилган озгина ҳаракатларингиз ҳам мукофотланиб, бу туфайли Яҳовани севувчи инсонларнинг кўмагига, миннатдорчилигига ва севгисига сазовор бўласиз.

21 Яҳовага кўп йиллардан бери хизмат қиляпмизми ёки атиги бир неча ойми, барчамиз маънан ўса оламиз. Бироқ қандай қилиб етук масиҳийлар янгиларга маънан ўсишда кўмаклашишлари мумкин? Бу саволга жавобни кейинги мақолада кўриб чиқамиз.